«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажоновга концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензиясини қайта тиклади. Бу ҳақда ташкилот директори Одилжон Абдуқодиров 16 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси бир неча кун муқаддам тўхтатилган эди. «Ўзбекконцерт» хабарида сўнгги вақтларда Жаҳонгир Отажонов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар кузатилаётгани таъкидлаб ўтилган эди.

Бунинг ортидан бир қатор жамоатчилик вакиллари, шунингдек Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов хонандани ҳимоя қилиб чиқди.

Учрашувда Шаҳло Аҳмедова (у 2018 йил ноябрида лицензиядан маҳрум этилган эди), Халима Ибрагимова (жорий йил февралида) ва Абдулла Қурбонов (май) лицензиялари ҳам қайта тиклангани тўғрисида маълум қилинди.

Лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилгани санъаткорнинг концертлар, тўй-маросим ва бошқа тадбирларда иштирокини, шунингдек унинг телевидение ва радио орқали чиқишларини тақиқлайди.

Кечқурун эълон қилинган расмий баёнотда «Ўзбекконцерт» илгари айрим сабабларга кўра, тақиққа учраган хонандаларга бугун президентнинг ғамхўрлиги, бағрикенглиги ҳамда кечиримлилиги боис яна эркин ижодий фаолият юритишларига имкон берилгани таъкидланади.

«Мана шу ишларнинг яна бир намунаси сифатида бугундан бошлаб, айрим сабабларга кўра, лицензиялари вақтинча тўхтатилган яна бир қатор хонандаларга ижодий фаолиятларини давом эттиришлари учун имкониятлар яратилгани маълум қилинди», — дея қайд этган ташкилот юқорида номи келтирилган санъаткорлар «бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини билдиргани»ни маълум қилди.