Тошкент давлат стоматология институти Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан қўшма факультет ташкил этиш бўйича шартнома имзолади, дея хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур факультет 2020−2021 ўқув йилидан Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясида ўз фаолиятини бошлайди ва таълим жараёни кредит — модуль тизими асосида амалга оширилади.

Келгусида ушбу ҳамкорлик шартномаси доирасида Тошкент давлат стоматология институти педагоглари мунтазам равишда Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси педагоглари учун маҳорат дарсларини ва ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича услубий ёрдам беришлари, маъруза ва семинар машғулотларини ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек, талабаларнинг ҳам ўқув-илмий дастурларда иштирок этиши кўзда тутилган.

ТДСИ 2014 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети базасида ташкил этилган. ОТМда таълим бакалавриатда икки йўналиш, магистратурада бешта мутахассислик ва клиник ординатурада тўққизта йўналиш бўйича олиб борилади. Институтда Россиянинг учта, Украинанинг битта олий таълим муассасаси билан бир нечта қўшма факультетлар очилган.