Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этди. Бу ҳақда далват раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига жорий йилнинг сентябрида қўшилди ва Туркий кенгаш

Президент Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини таъкидлади. Юртимиз заминида умумий тарихимизнинг шонли саҳифалари битилгани, жаҳон илм-фани ва маданиятига унутилмас ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар, муқаддас динимиз тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломалар, туркий дунёни қалам билан бирлаштирган Алишер Навоий сингари улуғ шоирлар нафақат ўзбек халқи, балки барчанинг фахру ифтихори эканини қайд этди.

«Туркий Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда ўртамизда нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Охирги уч йилда давлатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми салкам икки баробарга ошди, мингдан ортиқ янги қўшма ширкатлар очилди. Транспорт қатновлари кенгаймоқда, визасиз тартиб асосида туристлар оқими тобора кўпаймоқда, халқларимизнинг қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев саммит кун тартибига киритилган масалалар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Ўзбекистон президенти тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратишни устувор вазифа деб қайд этди. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йил Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, «Боку-Тбилиси-Карс» янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар айтилди.

Ўзбекистон президенти маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат «Туркий адабиёт хазинаси» номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши муносабати билан Илҳом Алиевни қутлаб, улкан муваффақиятлар тилади.

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистоннинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.