«Тошкент» халқаро аэропорти божхоначилари хорижга икки дона қуйма олтинни ноқонуний олиб чиқишга ҳаракат қилган йўловчини қўлга олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фуқаро М. А.нинг чегарани «яшил йўлак» орқали кесиб ўтиш вақтида кучли асабийлашиши божхона пости ходимларининг эътиборини ўзига жалб қилди. Шундан сўнг ушбу фуқаро замонавий сканер қурилмаси ёрдамида холислар иштирокида текширувдан ўтказилди.

Маълум бўлишича, ушбу шахс умумий вазни 213 граммни ташкил этувчи 2 дона қуйма тилла бўлакларини ўз оғиз бўшлиғига солиб, хорижга учиб кетишни режалаштирган экан.

Қонунбузардан умумий қиймати 70 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи қуйма тилла бўлаклари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.