«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси душанба куни хонанда Жаҳонгир Отажонов номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилганинини маълум қилди. Лицензиянинг тўхтатилгани унинг концертлар, тўй ва бошқа тадбирларда иштирок эта олмаслигини англатади.

Ташкилот хабарида сўнгги вақтларда Жаҳонгир Отажонов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар кузатилаётгани таъкидлаб ўтилади.

«Айрим санъаткорлар ўзбошимчалик билан иш тутиб келаётгани сабаб, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, сўзлашуви, яъни муомала маданиятида миллий ўзлигимизга ёт бўлган ҳолатлар яққол кўзга ташланиб қолмоқда, — дейилади хабарда. Хонандалар халқ назаридаги инсон бўлганлиги боис уларга айниқса, ёшлар эргашади, андоза олади. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати эл назарида бўлади».

9 октябрь куни «Ўзбекистон» телеканали орқали эфирга узатилган «Муносабат» ток-шоусида тўйлардан олинган лавҳалар намойиш этилади, унда хонанда Жахонгир Отажонов билан боғлиқ тасвирлар ҳам акс этади. 11 октябрь куни Qalampir.uz сайтида «Жамоатчилик хонанда Жахонгир Атажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қиляпти» мавзусида мақола эълон қилинди, деб ёзади «Ўзбекконцерт».

Хонанда Жаҳонгир Отажонов жамоатчилик эътирозидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб: «Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан… халқ маданиятли бўлиб кетиб қолса шу билан…» қабилида турли фикрлар билдирди.

«Хонанданинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқ орқали ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади. Хонанда ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бу каби номуносиб ҳаракатлари орқали Муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келмоқда», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекконцерт» хулосасида барча санъаткорларни ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига зид турли хил бемаъни сўзларни тарқатмаслик, жамоатчилик ўртасида санъаткорларга нисбатан ноўрин муносабат шакллантирилишига йўл қўймасликлари борасида огоҳлантиради.

Кун давомида ижтимоий тармоқларда «Ўзбекконцерт» фаолияти танқид қилинган мулоҳазалар эълон қилинди. Жамоатчилик вакилларидан бири Азиза Умарова шундай деб ёзади: «Қандай субъектив цензураки, ҳар қандай иқтидорли мусиқачини жазолашга имкон берса? Ким тингловчилар ўрнига кимни эшитиш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга?» У замонавий дунёда «Ўзбекконцерт» каби бирор ташкилот мавжуд эмаслигини, уни тугатишни ва хонандалар ижоди устидан томошабинларнинг ўзлари ҳукм чиқаришга қўйиб беришни таъкидлади: Одамларнинг ўзлари ҳал қилсин".

Тадбиркор Зафар Хошимов шундай деб изоҳлади: «Санъат ва талант лицензия билан берилиб, у билан олиб қўйилмайди. Хонанда мақоми маъмурий меъёрлар билан ўлчанмайди».

Кечқурун Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳам ўз фикрини билдирди. «Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиқларини оилам ва фарзандларим билан яхши кўриб тинглайверамиз! Бунинг учун шахсан бизга лицензия керак эмас!»