Транспорт вазирлиги Тошкентда ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган «Ласетти» автомобили йўловчиларига қўпол муомалада бўлган (видео) пойтахт транспорт бошқармаси инспекторига нисбатан чора кўрилганини хабар қилди. Траспорт вазирлиги инспекторининг хизмат вазифасини бажариш вақтида ўз ваколатини суистеъмол қилганлиги акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилиб хизмат текшируви ўтказилди. Ўрганишларда аниқланишича, 7 октябрь куни Тошкентнинг Бектемир тумани ТХАЙ кўчасида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлашга қаратилган қўшма рейд тадбири давомида ЙПХ нозири томонидан давлат рақами 40 Н 958 RA бўлган «Ласетти» русумли транспорт воситаси тўхтатилган.

Тошкент транспорт бошқармасининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими 1-тоифали инспектори А.Хошимов транспорт воситасида Фарғона вилоятига кетаётган йўловчилар билан олиб борган суҳбати давомида йўловчи талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмай, аксинча, йўловчидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини талаб қилиб, қўпол тарзда йўловчини сўроққа тортган ва транспорт воситасидан чиқишни талаб қилган.

Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент транспорт бошқармасида ўтказилган тадбирда инспекторлар биринчи навбатда йўловчи ташиш фаолияти қонунийлигини, хавфсизлигини таъминлаши ҳамда йўловчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши лозимлиги таъкидланиб, юқоридаги каби аҳлоқсиз ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, инспекторлар томонидан ўз ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, муомала маданияти бўйича мунтазам равишда йўриқномалар ўтказилиши юзасидан бошқарма раҳбариятига топшириқ берилди. Юқорида рўй берган ҳолат юзасидан 1-тоифали инспектор А.Хошимовга нисбатан «хайфсан» эълон қилинди.