Шанба куни Олий Мажлис Сенати 23-ялпи мажлисида Ўзбекистон судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини кўриб чиқдилар ҳамда тасдиқладилар, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Судьяларнинг махсус кийимларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ 2019 йилги Давлат дастуридан ўрин олган эди, деб ёзмоқда Norma.uz. Уни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 500 млн сўм ажратилди.

Форма Судьялар олий кенгаши томонидан Конституцион ва Олий суд билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Унда миллий анъаналар ва хорижий давлатлари: АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаларига эътибор қаратилди.

Конституцион суд судьялари учун тўқ олчаранг, қолган судьялар учун эса тўқ кўк ранг танланди. 70 фоиз жундан тайёрланган судьялик махсус кийими тўплами махсус кийим, манишка ва ипак бўйинбоғ-пластрондан иборат. Улар судьяларнинг индивидуал тана ўлчамлари бўйича, фақатгина судьялик гувоҳномаси асосида буюртмага қабул қилиниши мумкин.

Судьялик махсус кийимининг тўплами учун ишлатиладиган мато қишки ва ёзги ҳолати бўйича ўзгариши мумкин, шунингдек, судьялик махсус кийимининг фойдаланиш муддати 2 йил этиб белгиланган.