2019 йилнинг 11 октябрида ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Президентнинг 2019 йил 17 январдаги фармони билан хорижий инвестиция киритган шахслар учун «инвестиция визаси» жорий этилган бўлиб, киритилган қўшимчаларга мувофиқ ушбу визани бериш тартиби ва у билан боғлиқ имтиёзлар белгиланди.

Жумладан, инвестиция визаси ички ишлар ҳудудий органлари томонидан берилади ва узайтирилади.

Визани олиш ва узайтириш учун хорижий инвестиция иштирокидаги корхона илтимосномаси, киритилган инвестиция тўғрисидаги маълумотномалардан бирини илова қилган ҳолда белгиланган шаклдаги анкета билан мурожаат қилинади.

Шунингдек, инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар ва уларнинг оила аъзолари республика ОТМларида ўқиш даврида Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда стипендия ҳамда олий таълимдан кейинги таълимни олишга ҳақлидирлар.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, 3 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқаросига 10 йил муддатга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси берилади (илгари барча чет эл фуқаролари учун 5 йил муддатга берилган).