Сенатнинг ялпи мажлисида табиий газ қувурлари тизими ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ёқилғи-энергетика тармоғини тубдан ислоҳ қилиш, истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, газ қувурлари тизими аҳволи, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада қатор тизимли муаммо, камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 13 минг 291 километр магистрал газ қувурларининг 208 километри 10 йилгача, 1 минг 564 километри 10 йилдан 20 йилгача, 11 минг 519 километри 20 йилдан 30 йилгача ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда.

Шунингдек, магистрал газ қувурларидан фойдаланиш муддати, шартлари ва меъёрлари масалаларига оид қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилмагани ҳамда қувурлар диагностикасини тўлиқ ўтказилмаётгани сабаб уларнинг 67,7 фоизининг техник ҳолати маълум эмас. Оқибатда, сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, атроф муҳит, ижтимоий объектлар, газ қувурлари ва ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи қатор авария ҳамда бахтсиз ҳодисалар содир бўлмоқда. Ушбу ҳолатлар қувурларнинг яроқсиз ҳолга келиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги туфайли келиб чиққан бўлиб, улар натижасида фақат йўқотилган газ ҳисобига 1,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Парламент аъзолари истеъмолчиларга тегишли, шу жумладан кўп қаватли уйлардаги газ қувурлари ва ускуналаридан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланишда кўплаб авария ҳамда инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган бахтсиз ҳодисаларга ҳам тўхталиб ўтди. Айниқса, бу ҳолатларнинг сони иситиш мавсумида кескин кўпаймоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, газ қувурларининг носозлиги, автоматик созлаш, назорат қилиш асбобларига эга бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланиш, иситиш мосламалари, дудбўронлар ва шамоллатиш каналларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги оқибатида фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар рўй бермоқда

Хусусан, 2016−2017 ва 2017−2018 йиллардаги иситиш мавсумларида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 144 та ҳолат содир бўлиб, уларда 306 нафар фуқаролар жабрланган. Келгусида бу каби муаммоларни олдини олиш бўйича тегишли вазифаларни амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шу муносабат билан тегишли парламент сўровини юбориш зарурати юзага келди. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.