11 октябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Ўзбекистон ва Гренада ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма Коммюникени имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботир Асадов ҳамда Гренаданинг Россиядаги элчиси Олег Фирер имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистон ва Гренада икки мамлакат ўртасида ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида, БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадлари ҳамда халқаро ҳуқуққа амал қилган ҳолда 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси, 1963 йил 24 апрелдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ ва МБТ Низомида белгиланган тамойиллар асосида дипломатик муносабатлар ўрнатишга қарор қилганлари қайд этилади.

Мулоқот чоғида икки мамлакат элчилари томонидан Ўзбекистон ва Гренада ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда, жумладан халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

Гренада — Кариб денгизидаги орол-давлат бўлиб, Гренада ороли ва Кичик Антил ороллари гуруҳидаги Гренадина оролларининг жанубий қисмларида жойлашган. Пойтахти — Сент-Жоржес шаҳри.