Олий Мажлис Сенати йигирма учинчи ялпи мажлисида сенторлар томонидан Андижон вилоятининг Бўз тумани номини Бўстон тумани деб ўзгартириш таклифи бўйича масалани кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилганидек, Бўз туманига 1950 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 70 минг 300 кишини, умумий ер майдони 200 квадрат километрни ташкил этади. Бўз тумани дастлаб ташкил этилганда ушбу ҳудудда аҳоли истиқомат қилмаган, ботқоқлик ва қамишзорлардан иборат ҳудуд ҳисобланган. Мазкур ерлар қисқа муддат ичида ўзлаштирилиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, дам олиш масканлари яратилди.

Бугунги кунда туманда 84 та саноат корхонаси, жумладан, пахта тозалаш заводи, 541 та кичик бизнес субъекти, 321 та масъулияти чекланган жамият, 4 та қўшма корхона ҳамда 19 та оилавий корхона мавжуд. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар сони 13 тани ташкил қилади.

Шу муносабат билан, Бўз тумани номини ҳудуднинг ҳозирги кун қиёфасига мос равишда Бўстон тумани, яъни обод ва гуллаб яшнаган ҳудуд номига ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Мазкур ўзгариш Андижон вилоятининг Бўз туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, хусусан истиқболли режаларни белгилаш, фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, инфратузилмаларни яратиш, энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга бўлади.

Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.