Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14−15 октябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтадиган Туркий тилли ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) еттинчи саммитида иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.

Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистоннинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилинади.

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Президент Бокуга ташрифи доирасида саммитда иштирок этадиган делегатсиялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.