Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган хронометраж кўздан кечириш тадбирлари давомида солиқ тўлашдан ўзига хос усулда «айланиб ўтиш» ҳолатларининг олди олинмоқда, дея хабар қилди пойтахт ДСБ матбуот хизмати.

Таҳлилларга кўра, энг кўп нақд пул тушумларини яшириш ҳолати чакана савдо объектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, пойтахтнинг Қатортол савдо комплексида фаолият юритаётган 17 та тадбиркорлик субъектида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш тадбирлари давомида бир кунлик тушум 112 миллион 500 минг сўмни ташкил этиб, олдинги кунларга нисбатан 3 бараварга ошди.

Хусусан, ушбу ҳудудда савдо фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор О.Салимовнинг (исм фамилиялар ўзгартирилган) дўкони харидорлар билан гавжум. Аммо, кун якунида савдодан тушадиган нақд пулларнинг чўғи кам. Яъни, давлат солиқ хизмати органлари томонидан хронометраж кўздан кечириш ўтказилишидан аввал банк кассасига 5 миллион 162 минг сўм топширилган. Хронометраж давомида эса, 15 миллион 677 минг сўм тушум амалга оширилиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 10 миллион 515 минг сўмга ошди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 3997 та объектда хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказилди. Натижада тушумлар миқдори олдинги кунлардаги ўртача бир кунлик тушумга нисбатан 10 миллиард 700 миллион сўмга ошди.

Жумладан,

савдо объектларида 6 миллиард 311 миллион 600 минг сўмга;

умумий овқатланиш шохобчаларида 2 миллиард 554 миллион 600 минг сўмга;

хизмат кўрсатиш объектларида 387 миллион 500 минг сўмга;

дорихоналарда 982 миллион 100 минг сўмга;

автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 229 миллион 400 минг сўмга;

тиббий хизмат кўрсатиш объектларида 84 миллион 400 минг сўмга ошган.

Хронометраж тадбирлари давомида хўжалик юритувчи субъектларда 4461 фуқаро норасмий равишда ёлланиб ишлаётгани аниқланиб, улар фаолияти қонунийлаштирилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида пойтахтнинг «Ўрикзор» савдо комплексида фаолият юритаётган 93 та тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш тадбирларида кундалик тушумлар 667 миллион 300 минг сўмни ташкил этиб, олдинги кунлардаги ўртача бир кунлик тушумга нисбатан 2 бараварга ошди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлиги билан ном қозонган мазкур бозордаги А.Абдумаликовга (исм фамилиялар ўзгартирилган) қарашли савдо дўконида хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказилишидан аввал тадбиркор томонидан банк кассасига ўртача 3 миллион 777 минг сўм топширилган. Хронометраж давомида эса, ўртача кунлик тушум 33 миллион 347 минг сўмни ташкил этиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 29 миллион 570 минг сўмга ошган.

Энг кўп норасмий равишда ишга ёллаш ҳолатлари умумий овқатланиш шохобчаларида кузатилмоқда

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган хронометраж тадбирлари давомида фуқароларни норасмий равишда ишга ёллаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу каби «ноодатий» усул кўпроқ умумий овқатланиш шохобчалари томонидан қўлланилаётганини айтиш керак. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида пойтахтимиздаги 865 та умумий овқатланиш шохобчасида ўтказилган тадбирлар давомида 2893 нафар фуқаро норасмий равишда ёлланиб ишлаётгани аниқланди.