Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати жума куни бўлиб ўтган 23-ялпи мажлисда янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги қонунни маъқуллади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Қонунда Марказий банкнинг ҳуқуқий мақоми, асосий фаолият мақсадлари, вазифалари ва ваколатлари, унинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқалари белгиланди. Ҳужжатга мувофиқ, Марказий банк Сенатга ҳисобдор ва парламент юқори палатаси МБнинг йиллик ҳисоботини аудиторлик ташкилотлари хулосалари билан бирга кўриб чиқади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Марказий банк ўз қўл остидаги ташкилотлардан ташқари учинчи шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш, тижорий фаолият олиб бориш, учинчи шахслар, жумладан Ўзбекистон ҳукумати мажбуриятлари бўйича кафолат бериш, валюта биржалари капиталларида қатнашишни истисно қилган ҳолда банк ва компаниялар, шунингдек, Марказий банк фаолиятини таъминловчи ўз қўл остидаги ташкилотлар капиталларида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас (аввал Халқ банки ва «Микрокредитбанк» истисно қилинган эди).

Нархлар, банк тизимлари ва тўлов тизимлари барқарорлигини таъминлаш МБнинг асосий вазифалари этиб белгиланди (аввал фақатгина миллий валюта барқарорлигини таъминлар эди). Марказий банкнинг банк тизимлари барқарорлигини таъминлаш бўйича фаолияти нархлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак, дейилади янги қонунда.

Бундан ташқари, Марказий банк эндиликда Ўзбекистон ҳукумати, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига кредитлар ёки молиявий ёрдам тақдим этмайди, жумладан бюджет тақчиллигини молиялаштирмайди. Ҳукуматни молиялаштириш мақсадида кредит ажратиш асоссиз харажатларни келтириб чиқариши сабабли иқтисодий мувозанатни бузиши мумкин. Натижада бу инфляцион босимни келтириб чиқаради, дейилади ҳужжатга берилган шарҳда.

Ҳужжат шу вақтга қадар банкир, ҳукуматнинг маслаҳатчиси ва фискал агенти, монетар сиёсат ва валютани бошқариш соҳасидаги сиёсатни шакллантириш, қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича консультанти сифатида фаолият олиб борган Марказий банкнинг вазифалари кенгайтиради. Эндиликда Марказий банк:

  • пул-кредит, жумладан валюта сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • Ўзбекистонда инфляцияни мониторинг, таҳлил ва прогноз қилади, тегишли ахборотларни ва статистик маълумотларни эълон қилади;
  • банк, пул-кредит статистикаси, ташқи сектор, жумладан Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро сармоявий позицияси, ташқи қарзи ва захира активлари статистикасини шакллантиради ва эълон қилади;
  • ҳар йили ҳукуматга давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш бўйича тавсияларни ўз ичига олган иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича ахборотларни тақдим этади;
  • нақд пул муомаласини ташкил этади;
  • валютани бошқариш ва валютани назорат қилиш бўйича фаолият кўрсатади;
  • хорижий валюталарнинг миллий валютага нисбатан курсини (Марказий банк курси) ўрнатади ва эълон қилади;
  • банклар ва кредит бюроларини давлат рўйхатидан ўтказади;
  • банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари ва қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялайди, шунингдек, кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари ва банк гуруҳлари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
  • ҳукуматнинг фискал агенти вазифаларини бажариши учун зарур бўлган банк операциялари ва бошқа шартномаларни мустақил ёки топшириқ асосида амалга оширади;
  • тўлов тизимлари фаолияти барқарорлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради;
  • Марказий банк томонидан лицензияланувчи ташкилотларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштириш билан боғлиқ ахборотларни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш бўйича ички назорат ва тартибларга риоя этилишини мониторинг ва назорат қилади.

Бундан ташқари, янги қонунга мувофиқ, Марказий банк устав капитали 2 млрд сўмдан 1 трлн сўмга қадар оширилмоқда.

Қонун манфаатлар тўқнашуви ва коррупциядан огоҳлантириш тўғрисидаги моддалар билан ҳам тўлдирилди.