Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған чоршанба куни Сурия шимолида «Тинчлик булоғи» контртеррористик операция бошланганини эълон қилди, дея хабар берди Euronews телеканали.

Унинг сўзларига кўра, операциядан кўзланган мақсад — «республика чегаралари бўйлаб яратишга ҳаракат қилинаётган террористик йўлакни йўқ қилиш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш»дан иборат. «Биз Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қоламиз ва маҳаллий ҳамжамиятни террористлардан озод қиламиз», — деб ёзди у Твиттерда.

Операция курдларнинг «Ўз-ўзини мудофаа қилиш халқ кучлари» позицияларига авиазарбалар бериш билан бошланди. Туркия самолётлари Рас-ал-Айн, Тел Абяд, Қамишли ва Айн Иса каби аҳоли пунктлари ҳудудларидаги террор нишонларига ҳаво зарбаларини берди. Бир неча соатдан сўнг турк ҳарбийлари ер усти операциясини бошлади.

«Демократик Сурия кучлари» коалицияси жавоб тариқасида чегарадош турк шаҳарларига миномётдан зарбалар берди ва Суриянинг Ал Ҳасака провинциясидаги бир қатор нефть минораларини ёқди. Тинч аҳоли вакиллари ўртасида қурбонлар борлиги ҳақида хабарлар келиб тушмоқда, дея маълум қилди телеканал.

Туркиянинг қарорини АҚШ ва Европа иттифоқи давлатлари муҳокама қилди. Президент Дональд Трамп Туркия учун бунинг оқибатлари санкциялардан кўра кенгроқ бўлишини маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости. «Мен санкциялардан кўра кўпроққа бораман. Мен санкцияларга ва санкциялардан кўра каттароқ (чораларга) розиман», — деди у журналистларга. Операция бошлангунга қадар АҚШ операцияда Америка ҳарбий кучлари иштирок этмаслигини ва у ўтказиладиган ҳудудни тарк этишини маълум қилди.

Европа иттифоқи Туркияни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириб, акс ҳолда Анқара суриялик қочқинлар қайтиши учун ҳозир қилишни режалаштираётган бетараф ҳудудни молиялаштиришдан воз кечиш билан огоҳлантирди.

АҚШ эса Сурия шимолидаги энг хавфли ИД жангарилари асирларини қочиб кетмаслиги учун бошқа ҳимояланган жойларга эвакуация қилишни бошланди, дея маълум қилди Дональд Трамп.