Қашқадарё вилояти ҳокимияти матбуот хизмати бошлиғи Аҳрор Содиқов далада невараларининг кўз ўнгида думбул терган эркакнинг Миришкор тумани ҳокими томонидан ҳақорат қилиниши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.

Унинг «Газета.uz»га хабар қилишича, ҳодиса 29 сентябрь куни «Гулистон» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Туман марказидан неваралари билан қайтаётган Сайфулла Муҳаммадиевнинг сўзларига қараганда, неваралари маккажўхори даласидан маккажўхори териб, уйга олиб бориб, қайнатиб беришини сўраган. У машинасини тўхтатиб, дала эгасини излайди.

«Неваралар ҳоли-жонимга қўйишмаганидан кейин „фермер қишлоқдошим бўлса, кўрганда олганимни айтаман“ деб фикр қилдим. Унгача невараларим далага кириб, ўн донача маккажўхорини териб чиқишганди. Шу пайт туман ҳокими келиб қолди. Бир томондан ҳокимнинг „қаттиқ“ гаплари тўғри. Хато мендан ўтди. Аммо, асл бўлган воқеани сўзлаб беришга имконият бермади. Турли хил камситувчи ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан сийлади», — дея Сайфулла Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирди ҳокимият матбуот хизмати.

Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалари сабабли ҳиссиётга берилганини маълум қилди.

«Инкор этмайман, — деб сўз бошлади туман ҳокими. — Ҳақиқатдан ҳам қизишиб кетдим. Сабаби, тумандаги ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида маккажўхори, сабзи ва дуккакли махсулотлар етиштириш бўйича фермерлар билан „Миришкор строй центр“ МЧЖ шартнома тузган. Ушбу 1 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар ноябрь ойига қадар Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилишини режалаштирган. Аммо, ҳозиргача 417 минг долларлик дуккакли маҳсулотлар экспорт қилди. Воқеа содир бўлган жойда „Қурбонов Холмурод“ фермер хўжалиги „Миришкор строй центр“ МЧЖ билан шартнома тузгач, МЧЖ 100 гектар майдонга 15 минг АҚШ доллар эвазига фермер хўжалигига Испаниядан 1 тонна 800 кг маккажўхори уруғини етказиб берган. Айни пайтда фермер хўжалиги етиштирган 600 тонна маккажўхори дони чет элга экспорт қилиниши мўлжалланмоқда», — деди туман маъмурияти раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, туманда айниқса тунги вақтларда кўп маротаба маккажўхори ўғирликлари содир бўлмоқда.

«Шу сабабми, билмадим, қизишиб кетдим. Сайфулла акани вазиятни ойдинлаштиришига ҳам имкон бермадим. Кейин, ушбу видеони „Миришкор строй центр“ МЧЖ раҳбарига жўнатдим. Жамият раҳбарлари ушбу видеони ходимларига „эътиборли бўлинглар“ деган мақсадда жўнатган. Натижада ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетган. Асл ҳолатни билиб бўлганимда эса — кеч бўлганди. Тўғри, ҳоким сифатида қўпол сўзларни умуман ишлатмаслигим керак эди. Хато қилдим ва хатойимни англаб етдим. Бунинг учун халқимиздан узр сўрайман ва бу ҳолат такрорланмаслигига ваъда бераман. Менга нисбатан қонуний чора кўрилишига ҳам розиман», — деди ҳоким.