2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўлланган Мурожаатномаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Аввал хабар берилганидек, жорий йил 2 октябрь куни парламент қуйи палатасига Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома келиб тушган эди. Шу куниёқ Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ўз йиғилишларини ўтказдилар. Уларда фракция раҳбарлари ва аъзолари билан бирга, палата қўмиталари раислари, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари ҳам иштирок этдилар.

Йиғилишда мурожаатномани ўрганиш баробарида давлат харидларида фермерлар томонидан етиштирилган ғаллага нарх белгилашнинг мавжуд механизми фермерлар ва дон корхоналарига қанчалик иқтисодий манфаат келтираётгани, ушбу соҳадаги бозор иқтисодиёти талабларининг сифат даражаси, бунда маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда истеъмолчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан келиб чиқиб, мурожаатномада билдирилган муаммо ва таклифларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан мурожаатномада келтирилган таклифни ҳудудларга чиққан ҳолда, дон корхоналари, фермер хўжаликлари, дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, ҳар тарафлама ўрганишга келишиб олинди.

Шундан сўнг уч кун давомида депутатлар томонидан ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ҳудудларга чиқиб ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида депутатлар томонидан минглаб фермер хўжаликлари вакиллари билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Мажлисда ана шу ўрганиш якунлари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Дон маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек ғаллани харид қилиш, ун ва нон маҳсулотларини реализация қилиш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш ва бунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг 15 сентябридан бошлаб республикада олий навли ун ва қолипли нон бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланган эркин бозор нархларида сотилиши учун ҳуқуқий асослар белгилаб берилганлиги ун ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар молиявий аҳволининг нисбатан яхшиланишига олиб келган.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда 1 тонна буғдойнинг кафолатланган харид нархи 1 млн. 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ҳамда олинган ҳосилдорликка қараб 25 фоизгача устама белгиланиши натижасида жорий йилда 1 тонна буғдойнинг ўртача харид нархи 1 млн. 420 минг сўмни ташкил этган.

Шу тариқа фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ҳамда фаолиятининг самарадорлиги ошишига имкон яратилган.

Жорий йилда бошоқли дон ҳосилдорлиги ўртача 65 центнерни ташкил қилиб, ялпи ҳосил 7 млн. тоннани ташкил этган ҳамда давлатга 3 млн.
555 минг тонна ёки режадагига нисбатан 532 минг тонна ортиқча дон топширилган.

Бундан ташқари, донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда нарх-навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 сентябрдаги «Донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги
қарори билан маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотига қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёз 2020 йилнинг 1 июлигача узайтирилган. Бундан ташқари, маҳаллий ундан тайёрланган қолипли нонни ишлаб чиқариш ва сотиш 2020 йилнинг 1 июлигача қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан фермерлар мурожаатномасида кўтарилган масалалар ва таклифлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганда, бу борада қатор ўз ечимини кўтаётган муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасининг асосан давлат томонидан бошқарилиши, харид нархларнинг белгиланиши дон корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида қабул қилинган ғалла учун ҳисоб-китобнинг якунига етказишда муайян қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Натижада маблағларнинг ўз вақтида тўлаб берилмаётгани фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир этмоқда.

Шунингдек, дон корхоналарининг ҳам ун ишлаб чиқаришда маълум миқдорда зарар кўриб, фермер хўжаликлари олдидаги кредиторлик қарздорлиги ошмоқда. Дон корхоналарида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бозор иқтисодиёти механизми йўлга қўйилмагани, маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи ўртасида самарали тизим яратилмаганини яққол кўрсатиб турибди. Бу эса, турли хил суиистемолчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Жойлардаги ўрганишлар яна шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда аҳоли томонидан нон маҳсулотлари исроф этилмоқда.

Парламент эшитувида депутатлар томонидан кўтарилган саволларга Қишлоқ хўжалик вазирлиги мутасаддиси атрофлича жавоб қайтарди. Очиқ мулоқот, баҳс-мунозара руҳида ўтган эшитувда қатор вазирлик ва идоралар масъуллари, хусусан, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари, республикамизнинг қатор вилоятларидан келган фермер хўжаликлари раҳбарларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

Ана шу муҳокамалардан келиб чиқиб, мажлис иштирокчилари бундай шароитда ғалла етиштирувчи фермерларнинг машаққатли меҳнати маҳсули бўлган доннинг нархи ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш тизимининг бозор механизмлари асосида шакллантирилиши муҳим аҳамият касб этади, деган якдил қарорга келдилар.

Депутатлар ҳукумат дон сотиб олиш, ун ва қолипли нон маҳсулотларини сотиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиққан ҳолда, фермер хўжаликлари, дон корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни бозор механизмларига ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўриши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда бошқа ресурсларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Бунда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда, республикада ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида ғаллани эркин нархларда сотиш тизимини яратиш чора-тадбирларини кўриш тавсия қилинди.

Ўз навбатида, парламент аъзолари Молия вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда дон, ун ва нон маҳсулотлари нархлари тўлиқ эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни амалга ошириш, давлат томонидан ғалла етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириб бориш даркорлигини айтиб ўтдилар.

Бир сўз билан айтганда, мазкур эшитув якуни бўйича қабул қилинган палата қарорида ҳукумат, мутасадди вазирлик ва идораларга қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштириладиган дон ва уни қайта ишлашдан олинадиган ун, қолипли нон маҳсулотларини сотиш, сотиб олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиқиб, ушбу тизимга тўлиқ бозор механизмларини жорий этиш, нархларнинг эркинлаштирилиши бўйича тегишли амалий чоралар кўриш юзасидан қатор тавсиялар акс этди.