5 октябрь куни тунда Тошкентда «Универсалбанк»нинг пойтахт филиали бўлим бошлғиғи 26 ёшли Аббос А. ўлдирилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси фожиа тафсилотларини маълум қилди.

Шу куни соат тахминан 4:30 ларда унинг мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан буғилган холатда топилган. Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Аббос А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан буғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 октябрь куни Тошкент прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қотиллик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, Камола А. турмуш ўртоғи Аббос А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши Отабек Х. билан жиноий тил бириктириб, Отабек Х. 4 октябрь куни соат 19−00ларда Аббос А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, Камола А. билан унинг турмуш ўртоғи Аббос А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутади.

5 октябрга ўтар кечаси соат 00−30ларда ётоқхонага кириб, Аббос А. уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар бериб, сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин сохасидан бўға бошлаган.

Натижада, Аббос А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида Камола А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, Аббос А.ни қасддан ўлдиришган.

Сўнгра, Отабек Х. хонадонда бўлган марҳум Аббос А.га тегишли 2 та уяли телефон аппарати, 500 доллар ва 110 минг сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги Камола А.га тегишли 1 дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинади. Камола А. эса жинояти фош этилишини олдини олиш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.

Тергов давомида Отабек Х.нинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув давомида Аббос А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Иш бўйича 7 октябрь куни Отабек Х. ва Камола А. жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида «қамоқ» қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.