Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Концепция доирасида 2030 йилгача эришилиши режалаштирилаётган 70 дан зиёд мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Хусусан битирувчиларни олий таълимга қамраб олишни ҳозирги 20 фоиздан 50 фоизга ошириш, нодавлат ОТМлар сонини, жумладан давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳисобига 5 тадан 35 тага етказиш, кредит-модул тизими қамровини 2 фоиздан 85 фоизга чиқариш режалаштирилмоқда.

Олий таълим соҳасида ДХШни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш концепциянинг асосий мақсадларидандир.

Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакат ОТМлар флагманига айлантириш мўлжалланган.

Республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш мақсад қилинган.

Олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилади.

Халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтилади.

Олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи «Университет 3.0» концепцияси босқичма-босқич жорий этилади.

Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш мақсад қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 114 та, жумладан 93 та миллий ва 21 та хорижий ОТМ ҳамда уларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.