8 октябр куни Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров AҚШнинг Мичиган университети профессорларидан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Мичиган университети урология факультети декани ўринбосари, профессор Ҳафиз Халид, хирургия факултети юз-жағ хирургияси кафедраси раҳбари, доцент Бренд Вард, университет қошидаги C. С. Мотт Чилдренс Ҳоспитал доценти, педиатрия мутахассиси Шейн Кинонес, ҳамда анестезиология кафедраси доценти Aлишер Дадабайевлардан иборат делегация билан бўлган учрашувда Наманган вилояти ҳамда ушбу университет ўртасида тиббиёт соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар тиббиёт ва фармацевтика соҳасида Ўзбекистоннинг энг ривожланган вилояти бўлишга интилаётган Наманганда бу соҳада олиб борилаётган ишлар, хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда Наманган шаҳрида сентябрь ойида бўлиб ўтган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ҳақида маълумот олди.

Наманган вилояти тиббиёт бошқармаси ҳамда Мичиган университети ўртасида кенг қамровли ҳамда доимий ҳамкорлик қилиш борасида келишувга еришилди.

Мичиган университети вакиллари Наманган шаҳрида ташкил этилган илмий-тиббий анжуманда иштирок этди ҳамда маъруза қилди. Шунингдек AҚШлик мутахассислар иштирокида тиббий кўрик ҳамда жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.