Тошкентда Афғонистон фуқаросидан алдов йўли билан олган 10 минг долларни ўзлаштириб юборган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, фуқаро С.Т. (1956 й.т. ишсиз) Афғонистон фуқароси (1989 й.т. МЧЖ раҳбари) Н.Г.га Юнусобод туманида жойлашган «Олой деҳқон бозори» АЖ ёнида қурилиш учун ер майдони ва Тошкентдан 2 хонали уй олиб беришни ваъда қилиб, ундан 10 минг долларини қўлга киритиб, ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан 7 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан фуқаро С.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.