Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 15-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиши сабаблари ўрганиб чиқилди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни МТТнинг 19 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея ва гастроэнтерит ташҳиси билан Бекбод тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЭНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомномаҳамда овқатланиш бўлими ва МТТнинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчилар) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.

15-сонли МТТ мудираси Рахматуллаева Моҳира Абдумаликовна, ошпаз Қахрамонова Шоҳида Аброровна ва ҳамшира Эргашева Мавлуда Эргашевна лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд ҳатти-ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилганлиги сабабли, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

27 сентябрдан 6 октябргача МТТ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.

МТТ 7 октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади.