5 октябрь куни Андижон шаҳридаги 50-умумий ўрта таълим мактабида педагоглар калтакланган, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мактабда соат 13:20 да маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. томонидан кийиниш маданиятига риоя қилмаган ва дарсга кеч қолган математика фани ўқитувчиси Д.Ю. га оғзаки огоҳлантириш берилганда, улар ўртасида тортишув келиб чиққан. Тортишув натижасида Д.Ю. уларга турмуш ўртоғи билан таҳдид қилган.

Соат 13:35 ларда Д.Ю. турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти билан мактабга бостириб кириб, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. ни мактаб кириш қисмида темир таёқ билан дўпослаган.

Шу пайтда уларни ажратган ўқитувчиларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни ҳам дўппослашга уринган. Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан шошилинч тез тиббий ёрдамга ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларига хабар берилган.

Соат 14:00 да профилактика инспекторлари воқеа жойига етиб келган, лекин Д.Ю. нинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти ҳодиса содир этилган жойдан кетиб бўлган.

Жабр кўрганлар шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи шифокорлари томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб кетилди.

Шифокорлар хулосасига кўра Ш.Ў. мия чайқалиши, бурун синиш, юзининг ўнг қисмининг кўзи атрофи ҳамда оёқларининг тизза қисми каттиқ зарбада жароҳатлангани, Ғ.А.нинг мия чайқалиши, бурун ва икки тиши синиши, бадани ҳамда чап қўлини зарбадан қаттиқ жароҳатлангани аниқланган.

Барча муолажалар ўз вақтида қилинганлиги сабабли ҳозирда жабрланувчиларнинг соғлиғи яхши ҳолатда ҳамда доимий шифокорлар назоратида. Андижон шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.