8 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Бирлашган Араб Амирликларининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Саид Матар Султан ас-Сири ал-Қамзийни қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, уни юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида БААга расмий ташрифи ва Ўзбекистон-БАА музокаралари давомида эришилган келишувлар нуқтайи-назаридан икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашувда ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди, шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

БААнинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Муҳаммад Ҳариб Ал-Муҳайрибий сентябрда дипломатик миссиясини якунлаган эди.