2021 йилда Сирдарё вилоятининг барча туманларида мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилади. Бу ҳақда депутатлар, амалдорлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакиллари учрашувида маълум қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Синов лойиҳаси якунлари таҳлил қилиниб, сўнгра тизимни мамлакатнинг олтита вилоятида жорий этиш режалаштирилмоқда. Республикада мажбурий тиббий суғурта тизимини 2025 йилда тўлиқ жорий этиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, 2020 йилда тиббий хизматларнинг ягона харидчиси ролини бажаришга киришувчи Мажбурий тиббий суғурта фонди ташкил этилади.

Фонд бюджети давлат бюджети, жумладан тамаки, алкоголь, таркибида шакар, ёғ миқдори кўп бўлган маҳсулотлар ва бошқа саломатлик учун зарарли маҳсулотлар акциз солиқлари ҳисобидан шакллантирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида қайд этилишича, босқичма-босқич жорий этиш тизим ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиш ҳамда амалга ошириш жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Идоралараро махсус комиссия турли мамлакатлардаги мажбурий тиббий суғурта тизимини, ЖССТ халқаро экспертлари эса Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ҳозирги ҳолати ҳамда янги тизимни молиялаштириш ва тиббий хизматларни тақдим этиш имкониятларини ўрганди.