Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига қарашли минтақавий газ таъминоти корхоналарининг 2018 йил ва 2019 йилнинг I чорагида тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб бериш борасидаги фаолияти ўрганилди.

Текширувлар якунларига кўра, республика бўйича кўрсатилган давр мобайнида газ таъминоти корхоналари томонидан жами 188,2 млрд сўм миқдорида асоссиз даромад олинган, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати. 8701 та ҳолатда минтақавий газ таъминоти корхоналари томонидан белгиланган тарифларни асоссиз ошириши ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олдиндан тўланган тўловларни ҳисобга олмаслик каби қонунбузилишларга йўл қўйилган.

Масалан, Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган «Давр металл» МЧЖ томонидан 2018 йилнинг феврал ойида истеъмол қилинган 58 157 м³ табиий газ учун белгиланган 263,4 сўм ўрнига 1000 сўмдан ҳақ ҳисобланган, натижада газ таъминоти корхонаси томонидан 42,8 млн.сўм асоссиз фойда олинган.

Шунингдек, «Гулобод Осиё Парранда» МЧЖ томонидан 2018 йилнинг 1 ноябр ҳолатига 34,4 млрд.сўм олдиндан тўланган сумма ҳисобга киритилмаган ва натижада 2018 йилнинг 1 ноябридан тарифларни ошиши муносабати билан жамият қўшимча тўловларни тўлашдан озод этилмаган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини вилоятлар кесимида кўрадиган бўлсак, унда қуйидагича бўлади:

Бухоро вилояти бўйича — 300 ҳолатда 407,6 млн.сўм;

Жиззах вилояти бўйича — 620 ҳолатда 1 942,5 млн.сўм;

Қашқадарё вилояти бўйича — 516 ҳолатда 88 019,9 млн.сўм;

Навоий вилояти бўйича — 22 ҳолатда 59 150,4 млн.сўм;

Наманган вилояти бўйича — 302 ҳолатда 1 770,2 млн.сўм;

Самарқанд вилояти бўйича — 3737 ҳолатда 11 935,0 млн.сўм;

Сирдарё вилояти бўйича — 56 ҳолатда 119,5 млн.сўм;

Сурхондарё вилояти бўйича — 509 ҳолатда 10 534,1 млн.сўм;

Тошкент вилояти бўйича — 1203 ҳолатда 3 290,4 млн.сўм;

Фарғона вилояти бўйича — 23 ҳолатда 240,0 млн.сўм;

Хоразм вилояти бўйича — 1413 ҳолатда 10 866,3 млн.сўмни ташкил этади.

Шу муносабат билан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига берилган ваколатлар доирасида минтақавий газ таъминоти корхоналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси «Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонуни талабларини бузилиши бўйича ишлар қўзғатилди ва асоссиз олинган даромадларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда минтақавий газ таъминоти корхоналарида асоссиз олинган даромадларни хўжалик юритувчи субъектларга қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.