Жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан пойтахтимизда ўтказилган назорат тадбирларида жами 11275 дона (қути) умумий қиймати 109,4 млн сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосининг олди олинди, дея хабар берди Тошкент ДСБ матбуот хизмати.

Шунингдек, профилактик тадбирлар давомида 791 шиша умумий қиймати 57,5 млн сўмлик алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.


Тадбирлар давомида Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси «Қўйлиқ» шоҳ бекати ёнида жойлашган савдо дўкони кўздан кечирилганида фуқаро Усмон Қулиев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз 779 дона (қути) умумий қиймати 7 миллион 936 минг сўмлик акциз маркасиз, хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланди.

Яшнобод туманида ўтказилган тадбирлар давомида ҳудуддаги Бойқўрғон кўчасида чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган яна бир фуқаро Зоирхўжа Суннатхўжаев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишда давом этаётгани маълум бўлди. Тадбир давомида якка тартибдаги тадбиркор томонидан савдога қўйилган 18 турдаги умумий қиймати 2 миллион 838 минг сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг ноқонуний равишда сотилишининг олди олинди.

Назорат тадбирлари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам ўтказилди. Ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 14 нафар фуқаро томонидан белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан, 1694 дона (қути) умумий баҳоси 15 миллион 560 минг сўмлик акциз маркали ва 1616 дона (қути) умумий баҳоси 17 миллион 784 минг сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган профилактик тадбирлар жараёнида инсон соғлиги учун зарар етказадиган, сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотларни ноқонуний савдога қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Жумладан, Миробод тумани, Меҳржон кўчаси 72-уйда жойлашган савдо дўкони кўздан кечирилганида 29 турдаги, 56 шиша, умумий қиймати 11 миллион 296 минг сўмлик акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали ва яроқлилик муддати ўтган алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланди.

Учтепа туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 11-мавзе Заргарлик кўчаси 4-уйда жойлашган савдо дўконида яроқлилик муддати ўтган ва эски акциз маркаси билан маркаланган алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани маълум бўлди. Профилактик тадбир давомида 26 турдаги 706 дона умумий қиймати 33 миллион 341 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилгани аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бектемир тумани «Қўйлиқ деҳқон бозори» ҳудудида ўтказилган профилактик тадбирларда фуқаро Жамила Абдуллаева бозор ҳудудида ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган, умумий баҳоси 169 минг сўмлик қўлбола спирт маҳсулотларини савдога қўйгани аниқланди. Яна бир фуқаро Мухаш Асанов томонидан 157 дона умумий қиймати 1 миллион 418 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилгани маълум бўлди.