Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси Навоийда фотоэлектр станцияси қурилиши бўйича тендерда ғолиб бўлди. Бу Ўзбекистон тарихида қуёш энергетикаси бўйича давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) асосида инвестиция жалб этиш юзасидан ўтказилган илк очиқ тендер ҳисобланади, дея хабар берди Молия вазирлиги.

Жаҳон банки гуруҳининг Scaling Solar дастури доирасидаги ДХШ лойиҳасини амалга ошириш мамлакат энергетикасига 100 МВт энергия қўшади. Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг 2030 йилгача 5 ГВт қуёш энергиясини ишлаб чиқаришга қаратилган чора-тадбирларининг бир қисми ҳисобланади.

Masdar Clean Energy (Masdar бизнес бўлинмаси) ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 кВт / соатини 2.679 центдан етказиб бериш таклифи билан чиқди. Молия вазирлигининг қайд этишича, бу ривожланаётган бозорлар учун энг мақбул таклиф ҳисобланади. Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг қайд этишича, тахминан 3,5 цент даражасидаги нарх кутилган эди.

БАА компанияси билан шартнома бир ой ичида тузилади, электр станцияси қурилиши эса 12 ой давом этади.

Жамшид Қўчқоровнинг хабар қилишича, биринчи тендер натижаларини ҳисобга олган ҳолда ҳукуматга яқин вақтда қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қўшимча 400 МВт, ундан кейин эса 500 МВтлик яна бир ДХШ тендерини эълон қилади.

Биринчи тендерни ўтказиш 16 ойни олди, бироқ келгуси тендерлар 4−6 ой ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Тендернинг бошқа иштирокчилари

Тендерга «Acwa Power» (Саудия Арабистони), «Jinko Power» ва «Aljoimah Energy & Water Consortium» (ХХР/Саудия Арабистони); «Masdar» (БАА); «TBEA Xinjianing Sunoasis Co Ltd» (ХХР) ва «Total Eren» (Франция) каби 5 та компаниянинг тижорий таклифлари тақдим этилди.

«Acwa Power» компанияси 1 кВт.с учун 2,98 цент, «TBEA Xinjianing Sunoasis Co Ltd» компанияси 3,586 цент, «Jinko Power» ва «Aljoimah Energy & Water Consortium» 3,702 цент, «Total Eren» 4,273 цент таклиф қилди.