Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида «Марказий Осиё» Халқаро иқтисодий ҳамкорлик савдо марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди «Казинформ» Қозоғистон тижорат ва интеграция вице-вазири Кайрат Торебаевга таянган ҳолда.

«Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда, бир қанча музокараларни ўтказдик ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегарада майда улгуржи ва чакана савдонинг янги форматини жорий этиш, логистик хизматларни яхшилаш ва чегаравий кооперация бизнесини йўлга қўйишга қаратилган мазкур халқаро марказни жойлаштириш учун бешта ерни танлаб олдик», — деди Кайрат Торебаев.

У лойиҳани амалга ошириш босқичида 10 минг, ундан фойдаланиш босқичида эса 40 мингта иш ўрнини очиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Тижорат ва интеграция вазирлиги Ўзбекистонни Қозоғистоннинг Ўрта Осиёдаги асосий стратегик ҳамкор ҳисоблайди ва умумий қиймати 210 млн долларни ташкил этувчи 70 та позиция бўйича товарларни экспорт қилишни мўлжалламоқда.