Президент Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни йўл хўжалигини ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлисда Ўзбекистон йўллари ҳолатини танқид қилиб, вилоятлар раҳбарлари уларнинг сифати учун жавоб бермаслигини маълум қилди. бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастури хабар қилди.

«Биз иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун автомобиль йўлларини ривожлантириш нуқтаи назаридан катта ишларни амалга оширишимиз керак. Сўнгги йилларда биз автомобиль йўллари учун жуда кўп маблағ ажратдик… [Йўллар] бугунги талабларга мутлақо жавоб бермайди, десак тўғри бўларди», — деди давлат раҳбари.

У йўл қурилиши соҳасида бозор механизмларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Автойўллар қурилиши ва таъмирига халқаро молия институтлари ва хусусий ҳамкорларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Бундай ҳамкорлик асосида халқаро ва давлат аҳамиятидаги 1600 километрлик йўлларни қамраб олувчи 18 та йирик лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Республика автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги 184 минг километр бўлиб, уларнинг 42,7 минг километри умумий фойдаланишда, 67315 километри — хўжаликлараро, 61664 километри — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари, 12093 килоетри — идоралараро автомобиль йўлларидир. 80 фоиздан ортиқ йўллар қаттиқ қопламага эга.

Ўзбекистонда барча юкларнинг 98 фоизи, йўловчиларнинг 88 фоизи автомобиль йўллари орқали ташилади.