Ўзбекистон Халқ таълими вазрилиги Daryo.uz нашри эълон қилган Фарғонадаги 24-мактабда биринчи синф ўқувчилари полда ўтириб дарс ўтаётгани тасвирланган фотосурат бўйича изоҳ берди.

Мактаб директори Ихтиёр Мамажоновнинг таъкидлашича, таълим муассасасида 2 октябрь куни эски парталар янгиларига алмаштирилган. Янгилари қўйилгунча айрим хоналарда парталар бўлмаган ва интернетда тарқалган сурат шу жараёнда олинган. Синфда парталар 20 дақиқа давомида бўлмаган. Ҳозирда синфхоналар парта ва стуллар билан тўлиқ таъминланган.

Фото: ХТВ.

Суратдаги ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят ва шаҳар ҳокимияти ҳамда бошқа ташкилот мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилди. Мактабдаги барча синфларда дарслар белгиланган жадвал асосида ўз вақтида ўтилмоқда, дея маълум қилди ХТВ.

Daryo.uz нашри парталарни Давлат тест маркази 3−4 октябрь кунлари Қўқон университетига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун олиб турганини хабар қилган эди. ДТМ ушбу хабарни рад этиб, имтиҳонларни ўтказишни ташкил этиш билан вилоят ҳокимияти, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Миллий гвардия шуғулланишини маълум қилди.

24-умумтаълим мактаби биноси 1973 йилда 1250 ўринга мўлжаллаб қурилган. Мактаб 2018 йилда Давлат инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган. Барча зарур ўқув жиҳозлари ва мебеллар билан тўлиқ таъминланган. Айни пайтда мактабда 2635 нафар ўқувчи таълим олмоқда.