Ўзбекистон ҳукумати хориждан Самарқандга чартер ва мунтазам авиақатновлар сонини оширишни режалаштирмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 30 сентябрдаги Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳукумат Транспорт вазирлигига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда хорижий авиакомпаниялар билан мавжуд туристик талаблардан келиб чиққан ҳолда истиқболли йўналишлар бўйича янги авиақатновларни очиш тўғрисида музокаралар олиб боришни топширди.

Ушбу муддатда маҳаллий ва хорижий туристик компаниялар аризалари бўйича чет эллик туристларни ташиш учун Самарқанд аэропортига чартер рейсларини ташкил этишлари лозим.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлигига Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компаниялари билан биргаликда сайёҳлар оқимини ошириш МДҲ, Хитой, Индонезия, БАА, Бангладеш, Япония, Жанубий Корея ва Европа давлатларидан Самарқандга авиайўналишлар ишлаб чиқиш топширилди.