Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Mont Blanc пластик хирургия клиникасида икки бемор аёл жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бош прокуратура аёлларнинг ўлим саналарига аниқлик киритмаган. «Озодлик» радиоси маълумотларига кўра, беморлар 19 ва 24 август кунлари вафот этган.

Қозоғистон фуқароси бўлган бемор Л.А. (1976 й.т.) хусусий клиникага бурун тўсиғидаги шикояти билан мурожаат қилиб, унинг розилиги билан клиникада ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайиши тўғирлаш бўйича шифокорлар томонидан жаррохлик амалиёти ўтказилиб, бурун тўсиғи қийшайиши тўғирланган.

Жаррохлик амалиётидан сўнг бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва беморга антибактериал даво мақсадида тиббий муолажалар кўрсатилган. Шундан сўнг, беморнинг ахволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида РШТЁИМга олиб борилган.

Марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Л.А. ўлими «бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида юзага келган чап бош мия яримшарлари асосини геморрогик инсульт»дан юз берганлиги қайд қилинган.

Бундан ташқари, бемор Ш. Г.га (1999 й.т) Mont Blanc хусусий шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган ва уни зудлик билан Олмазор туманида жойлашган Аkfа medline хусусий шифохонасига олиб келиниб, унга керакли тиббий муолажалар амалга оширилганлигига қарамасдан, бемор Ш. Г. ушбу шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, Ш. Г. ҳомиладор бўлган.

Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан тергов олди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жаррохлик амалиёти бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига хизмат текширув тайинланган.