Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларни бошланғич тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг тингловчилари пахта йиғим-теримига жалб этилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда формадаги ўнлаб ёш ходимлар — марказ тинглоқчиларининг: «Пахтага чиқмаймиз!» деб бақираётгани тасвирланган.

Видео

Mover.uz орқали кўриш

Кадр ортидаги овозда ходимлар бир ойлик дастлабки тайёрлов курсига жўнатилгани, бироқ икки ой мажбурий пахта теримига олиб кетилаётганини маълум қилади. Шунингдек, улар маошидан 800 минг сўмдан овқатланиш харажатлари ушлаб қолинаётгани, уларнинг барчаси оилали экани таъкидланади.

ИИВ мазкур видеолавҳалар ўқув марказларига жорий йилнинг 11 сентябридан бошлаб, бир ойлик малака ошириш ўқув йиғинига келган айрим тингловчилар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилганини хабар қилди.

«Ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирон-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади», — дея маълум қилди ИИВ.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, тарқатилган видеолавҳаларда тингловчилар ўқув масканлари ҳудудида эканлиги ва пахта терими билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай ҳолатлар акс эттирилмаганлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари, ушбу лавҳалар айрим тингловчиларнинг асосланмаган фикрларига кўра атайин тайёрланиб, ички ишлар органларини обрўсизлантириш, ходимлар шаънига путур етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганини англаш қийин эмас, дейилади баёнотда.

Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда, дея хабар қилди ИИВ.

«Ички ишлар органлари ходимлари учун ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда, энг аввало, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилиш олий бурч ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Айни пайтнинг ўзида, баёнотда қайд этилишича, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари бошқа тадбирлар қаторида пахта йиғим-терим мавсумида жамоат тартибини сақлаш, пахта ҳосилининг нес-нобуд бўлиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, теримга жалб этилган ҳашарчиларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа оммавий тадбирларда амалдаги низом ва буйруқлар асосида фаол иштирок этмоқдалар.