8 сентябрь куни менга Тошкент ипподроми автотураргоҳида отишма содир бўлгани ҳақидаги дахшатли хабарни юборишди. Автотураргоҳнинг эшитиш қобилияти чекланган ходимларига ғалати қуролдан беш мартадан ўқ узилган. Номаълум шахслар автотураргоҳда фаолият кўрсатаётган кар хизматчиларни ипподром тураргоҳида тутиб олиб, ушлаб турган ҳолда уларга ўқ отишган. Натижада эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган икки йигит бўйин, энса ва ҳатто кўз соҳасида бир неча ўқ жароҳатларини олди. Бири ўқ яноғига тегиши оқибатида икки тишидан айрилди. Бошқа ўқ эса кўзига тегди, айни пайтда уни жарроҳлик амалиётига тайёрлашмоқда. Шифокорларнинг фикрича, унинг яна кўриш имконияти элликка эллик.


2018 йилнинг 8 сентябрь куни «Марказий Ипподром» ОАЖ автотураргоҳининг кар ходимларига қуролли ҳужум жабрланувчилари. Исмини ошкор қилмасликни сўраган ҳодиса гувоҳининг фотоси.

Худди шу куни жабрланувчилар ўзлари мустақил Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига қадар етиб боришади. Бироқ тиббиёт ходимларидан ҳеч бири уларнинг биринчи ёрдам кўрсатиш ҳақидаги имо-ишораларига эътибор қаратмайди. Кар хизматчилар ўқдан яраланган ҳолда ички ишлар ходимлари тезкор-қидирув ишларини олиб бориш учун келгунларига қадар икки соат давомида кутиш йўлагида ўтиришади. Шундан кейингина жабрланувчиларга зарур тиббий ёрдам кўрсатишга киришишади. Сўнгра йигитларни шифохонадан прокуратурага олиб кетишади. Туман ички ишлар бўлимида уларнинг аризаси расмийлаштирилгандан буён сукунат кузатилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишлари қандай натижа бергани ҳозирча номаълум қолмоқда.

Содир бўлган ҳодиса гувоҳлари менга жиноят содир этилган жойдаги видео ёзувлари кузатув камералари симсиз алоқа орқали ишлаши, ўша куни кучли шамол бўлгани сабабли барча ускуналар ўчгани боис сақлаб қолинмаганини хабар қилишди. Жиноят содир этилган кундан бир неча ҳафта ўтганини ҳисобга олсак, автотураргоҳнинг кар ишчиларига шифохонада даволаниш курсини ўташ ва шу билан мазкур ишни ёпиш таклиф этилмоқда, дейиш мумкин. Бироқ эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган кишиларни ишга жойлаштириш соҳасида тўпланиб қолган муаммолар ва уларга нисбатан муносабат моҳиятига чуқурроқ кириб борилса, уларга қарши қуролли босқинчилик тасодифан содир этилмагани ва унга элтувчи илдизлар аллақачон етилганини тушуниш қийин иш эмас.

Автотураргоҳдаги кар ишчиларига ҳужум сабаблари

Жорий йилнинг ёзида имо-ишора таржимони билан биз автотураргоҳларнинг кар ишчилари билан суҳбатлашиш учун пойтахтдаги бозорлардан бирининг автотураргоҳига йўл олдик. Жазирама иссиқда туришнинг имкони йўқ эди ва таржимон иккимиз тураргоҳда беш дақиқадан ортиқ қола олмадик. Бизнинг ишораларимизга автотураргоҳнинг кар ишчиларидан бири жавоб қайтариб, дарҳол менга савол билан юзланди: «Сиз бизга иш таклиф қилиш учун заводдан келдингизми?» Кондиционерли автомобилга ўтирар эканмиз, ушбу автотураргоҳда фаолият кўрсатаётган кар ишчиларнинг бундай жазирамада тўлиқ иш жадвалига қандай дош бераётганини ақлимизга сиғдира олмадик.

Биз бозор тураргоҳидан чиқиб кетдик, чунки уларни ишдан қолдириш ва оғир ишларига ҳалал беришни истамадик. Кейинроқ кўп йиллик иш тажрибасига эга автотураргоҳдаги кар ишчиларнинг биридан интервью олишга муваффақ бўлдик:

«Саккиз йилдан ошдики бозорда ишлаяпмиз. Ҳозир саккиз кишимиз ва ҳеч биримизда меҳнат дафтарчаси йўқ. Карлар жамияти орқали бир неча марта туман ҳокимияти ва солиқ инспекциясига ёзма мурожаат қилиб, бизларни автотураргоҳга расман ишга жойлаштиришларини сўрадик. Биз патент ва барча солиқларни тўлашга тайёр эдик. Бироқ барча мурожаат ва хатларга қарамасдан, ҳеч ким меҳнатимизни ишончли шаклда расмийлаштиришни хоҳламади. Ахир биз саккиз йилдан ошдики шу автотураргоҳда ишлаб келмоқдамиз».

Ўзбекистон Карлар жамияти Тошкент вилояти бошқармаси кўмагида улар бир неча марта худди шундай илтимос билан юқори турувчи давлат органларига мурожаат қилган. 2017 йил 28 март куни «Ипподром» спорт мажмуаси ҳудудидаги собиқ трамвай линиясидан бўшаган майдонда автотураргоҳ учун жой ажратиш ҳамда эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган беш нафар эркакка у ерда автомашиналарга қаровчи бўлиб ишлашга рухсат бериш тўғрисида Чилонзор тумани ҳокими (ўша вақтда Тоҳир Мирхидоятов ҳоким эди, жорий йил апрелида унинг ўрнини Даврон Хидоятов эгаллади — муаллифдан) ва «Марказий Ипподром» ОАЖ бош директори Аъзам Избосаровга худди шундай илтимос билан мурожаат қилинди.

Энг қизиғи, ушбу эшитиш қобилияти чекланган йигитлар ипподром автотураргоҳида 2009 йилдан буён норасмий равишда ишлаб келишмоқда. Мен билан суҳбатда улар Чилонзор буюм бозори яқинида жойлашган автойўлни ўз кучлари билан тартибга келтиришгани, автотураргоҳ ҳудудини ободонлаштиришгани — аввал трамвай линияси бўлган йўлни текислаб, бутун ҳудудни чиқиндилардан тозалашганини сўзлаб беришди. Бироқ, Карлар жамиятининг кўп сонли илтимосларига қарамасдан, «Марказий Ипподром» ОАЖ улар меҳнатини меҳнат қонунчилигига кўра расмийлаштирмади. Аксинча, ипподром раҳбарияти улар билан ҳамкорлик қилишни хоҳламасдан, улардан автотураргоҳ ҳудудини зудлик билан бўшатиб қўйишни сўрашган ва ногиронлиги бўлмаган янги автотураргоҳ ишчиларини ёллаган.

«Улар (эшитадиган автотураргоҳ ишчилари — таҳр.) бегона йигитлар эмас. Мен уларга буйруқ бердим (гап ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ҳақида кетаётган бўлса керак — муаллиф фикри). Мени тўғри тушунинг, бу — давлатнинг ери ва мен неча йил уларга (кар ишчиларга — таҳр.) ишлашга имконият бердим. Бу шунча қўллаб-қувватлаганим учун менга миннатдорчиликми?! Уларнинг ишлашига ноқонуний равишда имкон бердик. Мен ўзим уларга рухсат бердим. Ахир улар қонуний ишлашмайди. Улар давлатга солиқ тўлашадими? Улар ҳисоб-китоб юрита олишмайди», — дея изоҳ берди «Марказий Ипподром» ОАЖ бош ҳисобчиси Абдужаббор Узоқов телефон орқали суҳбатда.

«Директор биз билан суҳбатда жуда қўпол муносабатда бўлди ва бу бизнинг муаммомиз эканини айтди. Нима учун ипподром раҳбарияти бизни эшитишдан бош тортишмоқда? Биз ҳам улар каби одамлармиз-ку ахир. Нима учун бизни эшитадиганлар ва эшитмайдиганларга ажратишмоқда? Нима учун улар ишлашимизга ишонишмаяпти? Ахир биз автотураргоҳдан ўн йилдан ошдики ҳеч қандай фавқулодда ҳодисаларсиз ишлаб келаяпмиз-ку!» — деди қуролли босқинчиликда жароҳатланган кар ишчилардан бири хафа бўлган ҳолда.

«Биз кўчаникимиз ва ҳеч кимга керак эмасмиз»

Эҳтимол, кўпчилигимиз Тошкент автотураргоҳларида қишин-ёзин қўлбола таёқча ва ҳуштакли эркакларни пайқагандирмиз. Бироқ нима учун улар кўчада қолишди экан, деб савол берадиганлар кам. Шунингдек, нима учун айнан эшитиш бўйича ногиронлиги бор кишилар автотураргоҳларни банд қилишган? Айримлар назарида улар ҳайдовчилардан пул ундирадиган оддий кўча тиланчиларидек кўринар эҳтимол. Бошқалар уларга ачинганидан қўлларига майда пул тутиб кетишлари мумкин. Лекин ҳеч ким уларнинг яшаш шароитлари ва ижтимоий ҳимояси тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Мен очиқчасига суҳбатлаша олган автотураргоҳ кар ишчиларидан бири ўз меҳнат фаолиятини 1988 йилда Карлар жамияти қошидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхоналаридан (ЎИЧК) бирида бошлаганини сўзлаб берди. Уч йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин у корхонани тарк этади ва турли ишларда тирикчилик қилишни бошлайди. 2000-йиллардан бошлаб эса автотураргоҳда ишлай бошлайди. У неча йиллардан буён норасмий ишлаб келаётгани ва ҳозирда кексаликда ишончли пенсияни расмийлаштириш учун етарли иш стажига эга эмаслигидан ўкинади.

«Автотураргоҳ эгалари биз кар бўлганимиз учун расман ишлай олмаслигимизни айтишади. Бироқ биз неча йиллардан бери ишлаб келаяпмиз, ўзимиз автомобиль ҳайдай оламиз. Биз кўча одамларимиз, ҳеч кимга керак эмасмиз», — дея ўкинади автотураргоҳ кар ишчиси мен билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, пойтахт автотураргоҳларида у билан бирга ҳудудлардан — Сурхондарё, Фарғона, Андижон ва бошқа вилоятлардан келган эшитиш бўйича ногиронлиги бор кишилар ҳам ишлашади. Улар Тошкентда ёмон яшаш шароитларига эга ижарага олинган квартираларда гуруҳ бўлиб яшашади. Уларнинг ишлаш ва эҳтимолий фавқулодда ҳодисалардан ҳимояланиш тамойили «бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» шиорига асосланади. Агарда автотураргоҳда автомобиль қирилса ёки тўқнашув содир бўлса, ёки автотураргоҳда қолдирилган машинадан буюмлар йўқолса молиявий жавобгарлик бу ерда ишлаётган барча кар ходимлар зиммасига юклатилади. Бундай ҳодисалар эса ойда энг камида бир марта содир бўлиб туради.

Бухоро вилоятидан келган ишчилардан бири умрининг сўнгига қадар автотураргоҳда ишлади. Яқинда у вафот этди. Жигар саратони хасталигига чалинган экан. Эшитиш қобилияти чекланган дўстларимиздан уч нафари «касб касалликлари» сабабли ҳаётдан кўз юмишди, деди менга суҳбатдошим. Тиббий ёрдам олишни чўнтаклари кўтармайди ва автотураргоҳларда ишлаётган кар ходимларнинг кўпчилиги сўнгги нафаси қолгунга қадар ишлайди. Агар касал бўлиб қолса, у ҳар қандай ёрдам ва пулдан қуруқ қолади. Шунинг учун автотураргоҳ кар ишчилари ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратонида ҳам саломатлигини хавф остида қолдириб ишлашга мажбур. Қуёш остида доимий равишда турган ҳолда кўзларини қуёш нурларидан ҳимояламаганлари сабабли уларнинг айримлари ҳатто кўз нурларини йўқотмоқда. Ҳатоки улардан бири автотураргоҳда ишлар экан, кўз нуридан бутунлай маҳрум бўлиб, ҳам кўзи ожиз, ҳам кар кишига айланди.

Ишсизлик ва меҳнат бозоридаги камситишлар

Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг (ТМЭК) ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасида касбий ва меҳнат фаолияти бўйича хулоса ва тавсиялар берилади. Бу аввало эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамлар «махсус шароитларда ишлашлари мумкин» эканини англатади. Бундан Ўзбекистон Карлар жамияти қошида ҳалигача фаолият кўрсатиб келаётган карларнинг ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари назарда тутилади. Республика бўйлаб ўнлаб шу каби корхоналарда жами 240−250 нафар кар ва заиф эшитувчи инсонлар меҳнат қилмоқда.

«Карлар энг кўп Тошкентдаги 1-сонли ва Андижондаги ЎИЧКда — 80 кишидан меҳнат қилмоқда. Вилоятлардаги қолган ЎИЧКларда ўртача 20 нафардан кар ишчилар фаолият кўрсатмоқда. Самарқанддаги ЎИЧК узоқ муддатдан буён ишлаётгани йўқ. Хўжайлидаги ЎИЧКнинг катта биноси собиқ иттифоқ даврида қурилган, бироқ корхона тўлиқ қувватларда ишлаётгани йўқ — 5−6 киши меҳнат қилмоқда холос. Қашқадарёда жойлашган ЎИЧК вилоят ҳокимияти ёрдами билан ҳозирда яна фаолият кўрсатишни бошлади. Бироқ Карлар жамиятининг барча ЎИЧКлари вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда — Қўқон, Наманган, Самарқанд, Бухоро ва Қаршида жойлашган. Гулистон, Фарғона, Навоий ва Термизда эса ҳеч қандай ихтисослашган ишлаб чиқариш йўқ», — деди Ўзбекистон Карлар жамияти Марказий Бошқарувининг реабилитация ишлари бўйича етакчи мутахассиси Иноғомов Мағрубжон.

Карлар жамияти маълумотларига кўра, 2019 йил ҳолатида мамлакатда расман 21600 киши эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар сифатида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 5700 нафари ихтисослашган мактаб-интернатларида таҳсил олмоқда. Бугунги кунда Жамиятга 10100 киши аъзо бўлган. Ушбу рақамлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакатда эшитиш бўйича ногиронлиги бор инсонларни ишга жойлаштириш учун махсус ишчи иш ўринлари етишмовчилиги сезилмоқда. Автотураргоҳларнинг кар хизматчилари ҳам айнан ЎИЧКларда иш ўринлари йўқ эканидан шикоят қилишди. Ҳатто иш ўринлари бўлган тақдирда ҳам, улар таклиф этилаётган маош ва меҳнат шароитларидан норози.

«Ойликлар ҳар жойда ҳар хил. Масалан, Андижондаги ЎИЧКда яхши ишлашаётгани ва ойлик маошлари меъёрида эканини айтишди. Тошкентдаги 1-сонли ЎИЧК мебел цехида 1 млн сўмдан кўпроқ маош олишади. Қоғоз сочиқчалар ишлаб чиқариш цехида ишлаётган аёллар эса камроқ ойлик олишади. Менга тез-тез автотураргоҳларнинг кар ишчилари мурожаат қилиб, уларни иш жойидан ҳайдаётганларини айтишади. Мана бугун ҳам мен кафе маъмуриятига уларнинг автотураргоҳи бўйича ёздим. Кар ишчилар уларни ҳайдаётганлари, ўрнига соғлом, эшитадиган одам келганидан шикоят қилади. Кар ишчиларга алам қилади, албатта. Уларга корхонага ишга киришни таклиф қиламан. Фирмалардан ишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифлар бор. Бироқ улар рози эмас. Корхоналардаги меҳнат шароитлари уларни қаноатлантирмайди. Ойлик 1 млн сўмга яқин. Автотураргоҳда улар кўпроқ топишади. Ва биз булар учун уларни айблай олмаймиз. Одам яхшироқ жойни излайди. Карлар бозор иқтисодиётига ўтиш даврида дунёга келганлари учун айбдор эмас», — дейди Ўзбекистон Карлар жамияти Тошкент вилоят бошқармаси раиси Любовь Иногамова.

Унинг сўзларига кўра, авваллари Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси каби йирик корхоналарда 450 нафаргача кар одамлар ишлаган. «Тошқишлоқхўжаликмаш» заводида — 250 киши. Тошкент трактор заводида — 70 киши. Тошкентдаги 1-сонли ЎИЧКда 500−700 киши банд бўлган. Қишлоқ жойларидан келганларга ётоқхоналарда жой берилган. Ҳозир эса вилоятлардаги ЎИЧКлар қошида туман ва қишлоқлардан келган кар ишчилар учун ётоқхоналар йўқ.

Автотураргоҳларнинг кар ишчилари бекорга менга кўплаб эшитиш бўйича ногиронлиги бор кишилар айнан Термиз ва Фарғонадан пойтахт автотураргоҳларида ишлаш учун келишини айтишмаган, чунки у ерларда карлар учун ЎИЧКлар йўқ. Энг дахшатлиси — автотураргоҳларда нафақат эркаклар, балки кар аёллар ҳам ишлашга мажбур. Улар, шунингдек, кўп ҳолларда ер ости ўтиш йўллари ва бошқа жамоат жойларида ўткинчиларга ўз вазнини тортиб кўришни таклиф қилиб тирикчилик қилишга мажбур бўлмоқда.

«Кар одамлар иш излашда улкан қийинчиликларга дуч келади. Карларни корхоналарга қабул қилишмайди. Эшитишмайди, сўзлай олишмайди, яхши таълим олмаган, юқори ойлик тўланадиган малакали ишларда ишлай олмайди. Карларнинг ногиронлик пенсияси жуда оз, яшаш ва оила, бола-чақа боқишга етмайди. Карлар оилаларида одатда эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам эшитиш бўйича ногиронлиги бўлади. Ёш болалари бўлади. Болалар ўсиши, кийиниши ва ўқиши керак. Буларнинг барчаси учун тўлаш керак. Жисмонан соғлом бўлган кар эркаклар ўз имкониятлари бўйича ишлашни ва қўлларидан келганларича пул топишни хоҳлашади. Жумладан, автотураргоҳлар ишчилари ҳам», — дейилади Карлар жамиятининг «Марказий Ипподром» ОАЖга йўллаган мактубида.

Эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамлар нафақат миллий, балки ташқи меҳнат бозорларида ҳам тўсиқларга дуч келмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги хорижда — Россия Федерацияси, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда меҳнат фаолиятини олиб боришларига бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бироқ кар одамлар эшитадиган меҳнат муҳожирлари билан тенг равишда ушбу ҳуқуқни амалга ошира олмайдилар. Агентликда мутахассислик ва тегишли касб эгаси бўлмаганлари учун карларга рад жавоби берилмоқда. Аксарият эшитиш бўйича ногиронлиги бор эркаклар таълим олмаган, автотураргоҳларнинг баъзи кар ишчилари касбий тайёргарликни қўйинг, ҳатто ёзишни ҳам, ўқишни ҳам билмайди.

Шусиз ҳам аҳолининг ижтимоий заиф тоифаси — ногиронлиги бўлган одамлар, — кар кишилар кўча автотураргоҳларида оғир ва хавфсиз бўлмаган шароитларда ишлаган ҳолда ўзларини янада каттароқ хатарларга дучор этмоқдалар. Улар меҳнатининг давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмагани уларни янада заиф аҳволга туширмоқда. Автотураргоҳларни кўплаб кар эркаклар учун бойишнинг осон йўли деб қараш нотўғри. Улар ишсизлик сабабли — айниқса ҳудудий ЎИЧКларда иш ўринларининг етишмаслиги, умумий меҳнат бозорида ногиронлик аломатлари бўйича камситиш, саводсизлик ҳамда ёмон таълим ёки ҳатто унинг мавжуд эмаслиги ортидан автотураргоҳларга чиқишга мажбур бўлишмоқда.

Ногиронлиги бўлган одамларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши

Ногиронлиги бўлган одамларни иш билан таъминлаш бугунги кундаги энг ўткир ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Карлар жамияти якка ҳолатда меҳнат ёшидаги барча кар ва заиф эшитувчи одамларни иш ва муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлай олмайди. Жамиятнинг туман ҳокимиятларига ёзма мурожаатлари ҳеч қандай эътиборсиз қолаётгани ҳам мутасадди раҳбарларнинг муносабати қандай эканини кўрсатади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқиндаги қарори шарофати билан 23 августдан бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган одамлар корхоналарининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бўйича чоралар қабул қилинди. Жумладан, ногиронлиги бўлган ходимлари сони умумий штатнинг 50 фоизидан ҳамда улар меҳнатига тўлов фонди умумий фонднинг 50 фоизидан кам бўлмаган корхоналар даромад солиғи, қўшилган қиймат, мол-мулк солиқларини тўлашдан озод қилинади, уларга нисбатан, шунингдек, ер солиғининг пасайтирилган ставкаси ҳам татбиқ этилади. Қўшимча равишда, давлат буюртмачиларига бундай корхоналардан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари тасдиқлаган рўйхат бўйича товарлар (иш, хизматлар) сотиб олишда квоталар тақдим этилади.

«Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги тўғрисида"ги қонунда давлат органлари ҳамда 20 нафардан ортиқ киши бандлиги таъминланган хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари ишчи-ходимларининг энг камида 3 фоизи миқдорида мажбурий квота кўзда тутилган. Бироқ амалиётда ҳатто давлат органлари ҳам ногиронлиги бўлган одамларни ишга олмаган ҳолда қонунларга риоя этаётгани йўқ. Акс ҳолда улар биринчи бўлиб кичик ва ўрта бизнес учун ҳам чиройли намуна кўрсатган бўлар эди. Агарда давлат органлари нинг ўзлари қонунни бузиб, бунинг устига жазосиз қолса (квотани тўлдирмаганлик учун маъмурий жазо чораси кўзда тутилган — муаллиф), хусусий корхоналардан нимани кутиш мумкин?

2018 йилнинг 11 июнь куни қабул қилинган бошқа бир президент қарорида ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектлари ногиронлиги бўлган шахсларни тўлақонли равишда ишга жалб қилмаётгани қайд этилди. Қарор билан штат ходимларининг энг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференциялар жорий этилди. Савдо-саноат палатасига ННТлар билан биргаликда ушбу имтиёз ва преференциялар тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, ногиронлик аломатлари бўйича камситишга йўл қўймаслик, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда улар бузилган тақдирда, сўзсиз жавобгарликка тортиш топширилди.

Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги асосий қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш, Молия, Адлия, Меҳнат, Иқтисодиёт вазирликлари ва Давлат солиқ қўмитасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларидан бири — ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларини ташкил этишдан иборат эди. Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш бўйича 3 фоизлик квота ажратиш талабини бажармаганлик учун қонунчиликда кўзда тутилган жарималар жамғарманинг асосий даромад манбаи этиб белгиланган. Бироқ жамғарма ҳисобига маъмурий жарималардан қанча маблағ келиб тушгани ҳалигача маълум эмас.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган одамлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ногиронлиги бўлган болалар ва катталарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари учун кураша оладиган ягона мувофиқлаштирувчи органнинг мавжуд эмаслиги ижтимоий соҳада йиғилиб қолган муаммоларни самарали ва комплекс ҳал этишга киришилмаётганининг асосий сабабларидан биридир. Ижтимоий ҳимоя қилиш вазифаси кўплаб вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимланган бўлиб, уларни иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида қулай шароитлар яратиш учун ким жавобгарликни зиммасига олиши тушунарсиз.

Кар инсонлар муаммосига лоқайдлигимиз нимаси билан хатарли?

2019 йил 1 июнь куни «Газета.uz» сўрови бўйича тақдим этилган Давлат статистика қўмитаси маълумотларида рўйхатга олинган эшитиш ва бузилишнинг бошқа турлари бўйича ногиронлиги бўлган одамлар сони келтирилмаган, фақатгина ногиронлик гуруҳлари бўйича жадвалдан иборат статистика берилган. Автотураргоҳларнинг кар ишчилари билан суҳбатда уларнинг баъзилари ногиронлик гуруҳига ҳам эга эмаслиги ва тегишли ижтимоий нафақаларни олмаслиги маълум бўлди. Бу эса уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаши керак бўлган давлат органлари учун «кўринмас» ҳолга келтирган. Бу, шунингдек, ишончли ва тўлақонли статистик маълумотлар асосида самарали ва барчани қамраб олувчи ижтимоий сиёсатни ишлаб чиқишга тўсқинлик қилмоқда.

ТМЭК органларининг амалдаги рўйхатга олиш тизими ижтимоий ҳимоя қилишнинг советча тизими асоратлари ҳисобланган ногиронликни меҳнатга лаёқатсизлик сифатида белгилашга асосланади. ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасидан ўрин олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг фақатгина улар учун махсус яратилган шароитларда ишлаши мумкин деган ёзув ногиронлиги бўлган шахсларни умумий меҳнат бозорида камситмоқда. Иш берувчи мазкур ёзувни ўқиганидан сўнг, гарчи эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган киши жисмонан соғлом ва ногиронлиги бўлмаган бошқа одамлар қаторида тенгма-тенг ишлашга тайёр бўлса ҳам, уни ишга олиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтиши мумкин.

Абдужаббор Узоқов — «Марказий Ипподром» ОАЖ бош ҳисобчисининг сўзлари ҳам эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамларнинг ишчанлик қобилиятлари тўғрисидаги уйдирмалар ва тўқиб чиқарилган стереотиплар мавжудлигидан далолат беради. Акс ҳолда қарийб ўн йилдан буён меҳнат қилиб, ўз ишини яхши эплаётган бўлишса, ҳам нима сабабдан ипподром раҳбарияти уларни автотураргоҳдан ҳайдаб солмоқда? Ахир Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясида ногиронлиги бўлган одамларнинг меҳнат ҳуқуқи ногиронлиги бўлмаган бошқалар билан тенг экани таъкидланган-ку.

«Бандликнинг ҳар қандай шаклларида, жумладан, ишга қабул қилиш, ёллаш ва бандлик, иш жойини сақлаб қолиш, хизмат лавозимида кўтарилиш ҳамда хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларига тааллуқли барча масалаларга нисбатан ногиронлик белгиси бўйича камситиш тақиқланади», — дейилади Ўзбекистон 2009 йилда имзолаган, бироқ ҳалигача ратификация қилмаган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 27-моддасида.

Автотураргоҳлардаги кар ишчиларнинг машаққатли фаолияти меҳнат қонунчилигига мувофиқ равишда расмийлаштирилиши, уларнинг барча билан баробар меҳнат қилган ҳолда ҳаёт кечиришга бўлган ҳуқуқлари таъминланиши шарт. Давлат ва жамиятнинг бу ижтимоий муаммога лоқайдлиги келгусида пойтахтимиз кўчаларидаги ҳаёт учун кураш чоғида янада оғир ва қайғули ҳолатларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамларнинг миллий меҳнат бозорига киритилмаслиги жамиятда ижтимоий кескинликни янада кучайтириши мумкин. Бу сингари мусибатларнинг асосий манбаси эса ишсизлик ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун муносиб иш жойларининг мавжуд эмаслигидадир.

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Ривожланиш муаммоларини ўрганиш институти докторанти.