Ўзбекистон ИИВ ижтимоий тармоқларда тарқалган Фарғона вилоятидаги ЙТҲда вилоят ҳокимининг тунги селекторига чақирилган иккита мактаб директори ўринбосарларининг ЙТҲда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берди.

Фарғона вилояти ИИБ маълумотларига кўра, 29 сентябрь куни тахминан 20:45 да ҳақиқатдан ҳам учта турли мактаблар директор ўринбосарлари ва Данғара туман Халқ таълими бўлими қоровули кетаётган автомобиль аварияга учраган.

25-мактаб директори ўринбосари М. Д. бошқарувида Қўқон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia автомобили йўл ўртасига ўрнатилган бетон тўсиқ устига чиқиб кетган, сўнгра йўлни ёритувчи темир столбага урилиши натижасида автомашинага ўрнатилган газ балонидан ёнғин содир бўлган.

Ёнғин натижасида автомашина ҳайдовчиси ҳамда олди ўриндиқда бўлган йўловчи 26-мактабнинг директор ўринбосари У.Ш. воқеа жойида ҳалок бўлган.

Орқа ўриндиқда бўлган йўловчилар — 38-мактабнинг директор ўринбосари Т.Л. ва Данғара тумани Халқ таълими бўлими қоровули М.Б. тан жароҳати олган ҳамда уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага жойлаштирилган.

ИИВ халқ таълими ходимларининг вилоят ҳокимиятида тунги селекторга кетаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шу куни ҳокимиятда йиғилиш ўтказилмаган, улар шахсий ишлари билан Қўқонга кетаётган бўлган, дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.