Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг келгуси йил февралида Россияга ташриф буюриши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия ишбилармонлик кенгашининг тўртинчи мажлисида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди.

Тадбир Россия Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

«Аминманки, Шавкат Мирзиёевнинг келгуси йил бошида — февралда Москвага амалга оширилиши режалаштирилаётган ташрифи алоқаларимизни мустаҳкамлашда яна бир қадам бўлади», — деди Содиқ Сафоев.

Январь-сентябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ўтган йилнинг худди даврига нисбатан 10 фоизга ўсиб, 4 млрд доллардан ошди. Россия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 9 млрд доллардан зиёдроқни ташкил этди, дея хабар қилди сенатор.

Томонлар Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича тадбирлар режасини имзолади.