30 сентябрь куни Намангандаги маданият ва истироҳат боғида Эля.Халикова (2001 й.т.) қурилиши тўлиқ битказилмаган «Spin block» аттракционида тест синови ўтказилаётган вақтда ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Марҳума соат 15:40 ларда синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга рухсатсиз чиқиб, ўзининг эхтиётсизлиги оқибатида ушбу аттракционнинг темир труба қисмига урилиши натижасида олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатларида Эля Халикова «Наманган Истиқлол боғи» МЧЖга қарашли бўлган кўнгилочар боғида 1 августдан бери қутқарувчи вазифасида ишлаб келганлиги ва унинг асосий иш жойи кўнгилочар боғда жойлашган «аква парк» сув хавзасида бўлганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.