Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни аёлларнинг рўмол ўрашига қарши давом этаётган муҳокамаларга нисбатан муносабат билдирди.

Екатеринбургда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашган боксчилар ва мураббийларга давлат мукофотларни топшириш маросимида давлат раҳбари Фарғона вилояти ҳокими ва сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг номақбул сўзлари интернетда келтириб чиқарган баҳс-мунозаралардан хабардор эканини кўрсатиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда турли масалалар кўтариляпти, — деди у спортчи Миразизбек Мирзахалиловнинг рўмол ўраган онасига мурожаат қилар экан. — Қандай ярашади ўзбекона рўмоллар, Қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз!»

«Шу туришингиз муқаддас ўзбек онаси тимсоли. Меҳрли онамиз, сингилларимиз мана шундай юришига ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди Ўзбекистонда», — деди президент.

Мана ҳаммамизнинг бувиларимиз ўтган, ҳаёт оналаримиз бор, уларнинг кийинишига қараб ҳаммамиз ҳавас қиламиз, мен ҳам сиз билан мана шундай ўғил тарбиялаганингиз учун, сиз билан самимий кўришганимдан бахтиёрман. Сиз бахтиёр онасиз, мен бахтиёр президентман сиз орқали", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шуҳрат Ғаниев ўз сўзида хотин-қизлар орасида кийиниш, рўмол, ҳижоб маданиятига риоя этмаётган жами 851 нафар хотин қизлар аниқланган. «Уларда тушунтириш ишлари олиб борилиб, 300 тасининг ташқи қиёфаси ва кийиниш маданиятини ўзгартиришга эришилди», — деб қўшимча қилган эди ҳоким.

Бундан ташқари, ҳокимга журналист аёлнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саянни кутиб олиш учун аэропортга рўмол ва рангли кўйлакда чиққани ҳам ёқмаган.

Душанба куни Олий Мажлис Сенатида ўтказилган Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида комиссия аъзолари Шуҳрат Ғаниевнинг хатти-ҳаракатларини танқид остига олди. Сенат раҳбари Танзила Норбоеванинг таклифи билан унга уч ойлик синов муддати билан бирга қатъий огоҳлантириш берилди.