Лазиз Шавкатович Қудратов Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилди «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Тайинловга қадар январдан буён инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Аввалги биринчи ўринбосар Суннатулла Бекенов олдинроқ Давлат активларини бошқариш агентлигига раҳбар этиб тайинланди.

Лазиз Қудратов (1981 й. т.) Тошкент давлат шарқшунослик институти, Хосей университетини (Япония) тамомлаган. Муқаддам Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, сўнгра «Ўзинфоинвест» агентлигининг ахборот таъминоти ва хорижий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича директор бўлиб ишлаган.

2018 йилнинг февралидан 2019 йил январига қадар Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.