Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия соҳасида фаолият кўрсатаётган барча педгог ходимларни табриклади.

«Чиндан ҳам, дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади. Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтардик», — деди президент.

«Бугунги кунда сизларнинг, бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда», — дея давом этди давлат раҳбари. Сўнгги икки йилда 238 та янги мактаб барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. (2010−2016 йилларда 99 та мактаб ёпилган эди). Мазкур соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда мактабларга 2017 йилга нисбатан 81 фоиздан зиёд маблағ ажратилди. Мамлакатда мактабгача таълим ҳамда олий таълимни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди.

«Фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган муаллим ва ўқитувчиларни тайёрлаш — бу энг оғир вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

У барча барча саъй-ҳаракатлар «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган ғояни амалга оширишга қаратилаётганини таъкидлади.

«Албатта, ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкин. Лекин фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган муаллим ва ўқитувчиларни тайёрлаш — бу энг оғир вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади», — деди президент ўз табригида.

Шанба куни Шавкат Мирзиёев таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.