Душанба куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссияси кенгайтирилган мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева комиссияга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев уч ойлик синов муддати билан бирга қатъий огоҳлантиришни таклиф қилди. Комиссия аъзолари ушбу таклифни маъқуллади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.Танзила Норбаева. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Танзила Норбаева сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган иборалардан фойдаланганлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Шуҳрат Ғаниев айбини тан олиб, узр сўради ва хулоса чиқаришга ваъда берди.

Фарғона вилояти ҳокимияти аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувнинг ҳақиқий эканини тан олиб, Шуҳрат Ғаниев ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги изоҳлардан тегишли хулоса чиқарганини маълум қилган эди.

Шуҳрат Ғаниев бундан аввал ҳам ўзининг номуносиб сўзлари билан жамоатчиликнинг норозиликларига сабаб бўлган эди. Хусусан, ўтган йилнинг бошида Қозоғистондаги автобус ёнғинида бир неча қурбонлар берган Тошлоқ тумани аҳолисини ҳақоратлаб, Фарғона вилоятини шарманда қилганликда айблаган эди.

Август ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шуҳрат Ғаниевни Риштон туманида реконструкция баҳонасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулкларини оммавий бузгани учун танқид қилган, ҳоким бунинг учун Ўзбекистон халқидан узр сўраган эди.

Шуҳрат Ғаниев бир оз ўтиб, август ойининг охирида Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.