Маданият ва санъат муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар, мактабгача таълим ёшдаги болалар ва пенсионерлар учун инклюзив шароитларни яратиш кўзда тутилмоқда. Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатда 2020−2021 йилларда маданият ва санъат даргоҳларида инклюзивлик дастурини тасдиқлаш таклиф қилинмоқда. У муассасалар ва уларга туташ ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, инклюзивлик талабларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг моддий-техник базасини янгилаш ҳамда инклюзив хизмат кўрсатиш амалиётини жорий этишни кўзда тутмоқда.

Муассасаларни она ва бола хоналари билан таъминлаш, сирпанмайдиган қопламали пандуслар, травмотологик хавфсиз панжаралар, томоша залларида имконияти чекланган шахслар учун махсус лифтлар ва жойларни ўрнатиш каби чора-тадбирларни ўз ичига олган дастурларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тузилади.

Тошкентда маданият муассасаларига туташ ҳудудларда тактил йўлаклар, аудиовизуал хабардор қилиш тизимлари ва овозли хабардор қилиш имкониятига эга светофорлар ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, юқори контрастли ва катталаштирилган шрифтли кўриш даражаси яхшиланган маълумот кўрсаткичлари ўрнатиш белгиланган.