Маълумки, 10 сентябрь куни «Баъзи давлат ор­ганларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қа­­бул қи­линди.

Янги қонун билан «Судлар тўғ­рисида"ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунларга муҳим ўз­гартиш ва қў­шимчалар киритилди.

Хусусан, судьялар корпусини етарли ҳаётий тажрибага эга юқори малакали юристлар орасидан шакллантириш мақсадида «Судлар тўғрисида"ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунларга судьялар ёшини ўттиз беш ёшгача оширишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилди.

Статистик маълумотларга кўра, жиноий ишлар бўйича 343 нафар судьянинг 76 нафари, яъни 22,2 фоизи 35 ёшга тўлмаган. Ушбу судьялар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бир қанчаси юқори босқич судлари томонидан бекор қилинган.

Аниқланишича, бекор қи­линган қарорлардан аксария­тининг қабул қилинишига судья­лар томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилиши оқибатида йўл қўйилган. Содда қилиб айтганда, бунда судьяларнинг ёшлиги ва тажрибасизлиги панд берган.

Президентнинг 2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Олий Мажлисига Мурожаатида суд ҳо­кимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидлангани бежиз эмас. Зеро, судья­лар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳоки­мия­тининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш талаб этилади.

Шунингдек, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш зарур. Бунинг учун туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини, давлатимиз раҳбари уқтирганидек, Судьялар олий кенгаши тўлиқ ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқдир.

Президент томонидан илгари сурилган мазкур таклифларни амалга ошириш мақсадида янги қонун билан «Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 63-моддаси (Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби), 72-моддаси (Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш) ва «Ўз­бекистон Республикаси Судья­­лар олий кенгаши тўғ­рисида"ги қонуннинг 7-моддасига (Кенгаш ваколатлари) Кенгаш томонидан туман, шаҳар, вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалаларини Ўз­бекистон президентининг розилигисиз мустақил кўриб чиқишни назарда тутувчи ўз­гартишлар киритилди.

«Судлар тўғрисида"ги қо­нуннинг 661-моддасида Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Ўзбекистон президенти томонидан, бош­қа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши судьянинг розилиги билан Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши белгиланган. Би­роқ уш­бу тартиб «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қо­нунда назарда тутилмаган эди.

Шу сабабли «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддаси Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтириш ҳақида Ўзбекистон президентига тақдимнома киритиш, Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар судлари, Тошкент шаҳар су­ди, туманлараро, туман (шаҳар) ва ҳарбий судларнинг судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судья­нинг розилиги билан беш йилгача узайтириш тартибини назарда тутувчи норма би­лан тўлдирилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қо­нуннинг 7-моддаси:

  • судьялар ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказиш;
  • ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларини интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишни назарда тутувчи;
  • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, мансабдор шахслардан ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборотни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олиш ваколатларини назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилди.

«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғ­рисида"ги қонунга киритилган янгиликлар ҳақида гап борар экан, захирага киритилиши истагини билдирган номзоднинг аризасини икки ой ичида кўриб чиқиш, судья­лик ёши ўттиз беш ёшгача оширилиши муносабати билан судьялик лавозимларига номзодлар захирасининг ёшини ўттиз ёш­дан ўттиз уч ёшгача оширишни назарда тутувчи ўз­гартиришларни ҳам алоҳида таъкидлаш даркор.

Бундан ташқари янги қо­нун билан судьяни ваколат муддати тугаганидан сўнг судьялик лавозимига ва бошқа судьялик лавозимига тайинлаш тартиби алоҳида 24−1-моддада белгиланди.

Жумладан, ушбу моддада Кенгашнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, Ўзбе­кис­тон Республикаси Ҳарбий суди раиси, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари лавозимларига номзодлар бў­йича жамоатчилик фикрини ўрганиш, судьянинг ваколат муддати тугаганидан кейин уни судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиш муддати, агар судья ўзи даъвогар бўлган лавозим талабларига жавоб бермаса, Кенгашнинг уни қуйи судьялик лавозимига кўриб чиқиш масаласини кун тартибига киритиш ҳуқуқи белгиланган нормалар назарда тутилди.

Мўмин Астанов,

Олий суд судьяси, Судьялар олий малака ҳайъати раиси