Ўзбекистон Хоккей федерацияси (ЎХФ) Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) аъзоси бўлди. 26 сентябрь куни Римда бўлиб ўтган IIHF конгрессида бу ҳақдаги қарор қабул қилинди, дея хабар берди ЎХФ матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ўзбекистон билан бир қаторда Жазоир, Колумбия, Эрон ва Ливан ҳам IIHF аъзолигига қабул қилинди. Ташкилотга дунёнинг 81 мамлакати аъзо бўлган.

«IIHF раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ривожланиш ва таълим дастурлари, шунингдек турли тадбирлар ва мусобақаларда иштирок этиш, ассоциациянинг бошқа аъзолари билан алоқалар ва ҳамкорлик, сўзсиз, бизнинг хоккейни бутун мамлакат бўйлаб ёйиш режаларимизга туртки беради», — деди ЎХФ президенти Бахтиёр Фозилов.

IIHF сайтидаги ЎХФ профилида мамлакатда 368 нафар хоккейчи (113 нафар эркак, 4 аёл, 252 нафар ўсмир) мавжудлиги келтирилган. Ўзбекистон Хоккей федерацияси 2018 йилнинг мартида ташкил этилди. Йил бошида мамлакатда хоккей бўйича биринчи чемпионат ўтказилди.