Тошкент прокуратураси пойтахтнинг Олмазор тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳобовга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этди, дея хабар қилди Kun.uz.

16 август куни Kun.uz Абдурасул Ваҳобовнинг нашр мухбирларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди. Жавоб тариқасида ҳоким ўринбосари оммага мурожаат билан чиқиб, Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф этгани ҳақидаги даъвони илгари сурди.

Раҳматилла Исроилов эса Абдурасул Ваҳобов илгари сураётган айбловларни рад этиб, ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганди.

11 сентябрь куни мазкур терговга қадар текшириш ҳаракатлари ниҳоясига етказилган ва Абдурасул Ваҳобовнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси иккинчи бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Прокуратура қарорида ҳоким ўринбосари ва бошқа гувоҳлар кўрсатмалари келтириб ўтилган. Қайд этилишича, Kun.uz мухбирлари туман ҳокими ўринбосари билан суҳбатда ўзларини таништирмаган ва унинг рухсатисиз видеотасвирга олган. Абдурасул Ваҳобов тасвирчига яқинлашиб, қўли билан видеокамерани тўсиб, суратга олмаслигини айтганида, тасвирчи «урма, урма!» деб бақирган. Ҳоким ўринбосари ҳеч кимга тан жароҳати етказмагани ва ҳақорат қилмаганини тасдиқлаган.

Видеотасвирчи Шерзод Эгамбердиев ўз тушунтириш хатида ҳамкасби Раҳматулла Исроилов билан Олмазор тумани ҳокимиятига ташрифи вақтида ўзининг хавфсизлиги учун видеотасвирни ёқиб қўйганини маълум қилган.

Прокуратура қарори хулосасига кўра, Олмазор туман ҳокимлиги томонидан ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, у касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган.

Нашрнинг эслатишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари»нинг 12-бандида давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шартлиги, давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган.

Қарорнинг 4-бандида эса одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқача жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланиши мумкин.

Шунингдек, Kun.uz прокуратура қарорида фақат Абдурасул Ваҳобовнинг ҳокимият биносида Kun.uz мухбирларига тажовузи бўйича ҳуқуқий баҳо берилгани, аммо унинг видеомурожаатидаги Раҳматулла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги масала ҳамда Р.Исроиловнинг А.Ваҳобов унга туҳмат қилаётгани ҳақидаги Бош прокурор номига йўллаган мурожаати бўйича лом-мим дейилмаганидан таажжубда эканини ёзади.

«Ахир Kun.uz мухбири Р.Исроиловнинг Бош прокурорга йўллаган мурожаатининг асосий мазмуни айнан туман ҳокими ўринбосари унга оммавий ахборот воситалари орқали оғир жиноятни содир этишда туҳмат қилаётгани ҳақида эди-ку?» — дейилади мақолада.