1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида халқаро пластик карталардаги маблағларни банкоматлар орқали фақатгина миллий валютада ечиб олиш мумкин, дея хабар қилди Марказий банк. Аввалроқ бу ҳақда биргина тижорат банки — «Ипак йўли» хабар берган эди.

МБ августдан аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда валюта-айрибошлаш операцияларини соддалаштириш учун жисмоний шахсларга — резидентларга тижорат банкларининг айрибошлаш шохобчалари орқали нақд валюта сотиш амалиёти жорий этилганини қайд этиб ўтди.

«Шу билан биргаликда, амалиётда мамлакат ҳудудида жиноий даромадларни легаллаштириш, жумладан норезидентларнинг халқаро пластик карточкаларидан бошқа шахслар томонидан маблағ ечиб олиниши билан боғлиқ шубҳали операцияларни амалга ошириш хавфи юзага келмоқда ва бундай ҳолатлар учрамоқда», — дея хабар қилди МБ.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валюта — сўмда тўланиши керак. Бундан ташқари, шундай халқаро амалиёт ҳам мавжуд, дейилади хабарда.

Жисмоний шахс — резидентлар халқаро пластик карталардан нақд хорижий валютани бевосита тижорат банкларидан шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларини тақдим этган ҳолда ечиб олишлари мумкин.

Жисмоний шахслар — норезидентларнинг сарфланмаган миллий валюта маблағлари банкоматлар ёки айирбошлаш шохобчалари орқали қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий валютага айирбошланади.