Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Қозоғистондан катта миқдордаги психотроп таблеткалари ва «Гербалайф» биологик фаол қўшимчаларни ноқонуний олиб кирган шахслар ушланди, дея хабар қилди ЎзА.

Аниқланишича, фуқаролар Жангилди Мапитов (1977 й.т.), Сейтжан Сабирбаев (1982 й.т.), Умиджон Муҳаммедов (1985 й.т.) ва Зиёвуддин Раззоқов (1981 й.т.) Қозоғистонда яшовчи «Сакон» исмли шахс билан ўзаро келишиб, контрабанда билан шуғулланишган.

Тезкор тадбир давомида қонунбузарлардан жами 961 миллион сўмлик 2000 дона «Соннат» психотроп таблеткалари ва 25 турдаги «Гербалайф» биологик фаол қўшимчалар ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, ушбу шахслар онкологик касалликларни даволаш учун мўлжалланган, лекин истеъмолга яроқсиз бўлган кўп миқдордаги дори воситаларини ҳам олиб киришган. Улар ушбу маҳсулотларни Тошкент шаҳрида сотишни режалаштиришган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Навоий вилояти бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 246-моддасига (контрабанда) мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил октябридан «Соннат» таркибида бўлган зопиклон моддаси савдоси айланмаси чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган.