23 сентябрь куни ўзбек киносига бағишланган форумда Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» тўлиқ метражли бадиий фильми Оскар мукофотига Ўзбекистон номидан илгари сурилиши тўғрисида эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, 21 сентябрь куни Ўзбекистон миллий кинокомиссиясида Оскар мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига ўзбек киноижодкорларидан тақдим қилинган фильмлар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамаларда Абдуҳалил Мингноровнинг «Имом Термизий», Риҳсибой Муҳаммаджоновнинг «Қор ёғмоқда, оппоқ қор», Абдувоҳид Ғаниевнинг «Элпарвар», Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон», Зулфиқор Мусоқовнинг «Берлин-Оққўрғон» ҳамда Илҳом Муҳаммадиброҳимовнинг «Парвоз» деб номланган фильмлари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Америка кинематография санъати ва фани академияси Ўзбекистон Оскар қўмитасини рўйхатдан ўтказган эди. Ўзбекистон миллий кинокомиссияси Ўзбекистон Оскар қўмитасининг координацион маркази ҳисобланади.

1 октябрь куни эса Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан 2020 йилнинг 9 февраль куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур Dolby театрида бўлиб ўтадиган 92-«Оскар» тақдирлаш маросимининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан фильм илгари сурилади.