Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧБК) 2020 йилда Ўзбекистонда ёшларнинг радикаллашишига қарши курашиш бўйича бир қатор халқаро анжуманлар ўтказади, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 23 сентябрь куни Нью-Йоркда ОҲИЧБКга аъзо давлатлар вазирлари учрашувида иштирок этди. Делегация АҚШга БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида иштирок этиш учун етиб борди.

Абдулазиз Камилов ўз нутқида ёшларнинг баркамол ривожланиши ва ўзини намоён қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишни мақсад қилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Ўзбекистон президенти 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди.

«Келажак. Хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва қитъамиз фаровонлиги ёш авлодларимизни қандай вояга етказаётганимизга бевосита боғлиқ», — деди вазир.

ОҲИЧБК Осиё давлатларининг ўзаро алоқалари ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун ташкил этилган. ОҲИЧБК таркибидан 26 давлат, 12 кузатувчи, жумладан БМТ, ЕХҲТ ва Араб давлатлари лигаси ўрин олган.